Тожикистонда барча пенсионерларнинг биометрик маълумотлари Face ID юзни таниб олиш тизимига киритилди

Пенсионерлар. asiaplus.new сайти фотосурати

Тожикистонда юзни таниб олиш (Face ID) тизими ёрдамида пенсионерларни қайта рўйхатдан ўтказишнинг асосий босқичи якунланди. Янгиланган электрон базага қарийб 877 минг нафар пенсия олувчининг маълумотлари киритилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри Ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги директори Абдураҳмон Ҳалимзодага таяниб хабар берди.

Келгусида ҳам биометрик идентификация доимий тарзда ўтказилиши режалаштирилган. Пенсия биринчи марта тайинланаётган фуқаролар Face ID тартиб-таомилидан ўтади ва яшаш манзили ҳамда телефон рақами каби шахсий маълумотларини тақдим этади. Шунингдек, вафот этган пенсия олувчилар ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқариб ташланади.

Агентлик, шунингдек, даволаниш, ўқиш ёки бошқа сабабларга кўра вақтинча Тожикистондан ташқарида бўлиб турган пенсионерларни масофадан туриб идентификация қилиш имкониятини ҳам ишлаб чиқмоқда. Режага кўра, улар мамлакатга махсус қайтиб келмасдан, юзни таниб олиш (Face ID) орқали масофавий тарзда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади. Хизмат қачон ишга туширилиши ҳозирча маълум қилинмаган.

Қайта рўйхатдан ўтказиш давомида ҳукумат пенсияларни ноқонуний олиш ҳолатларини аниқлади. Жумладан, вафот этган шахслар номига пенсия тўловлари давом эттирилгани, шунингдек, бошқа давлат фуқаролигини олган шахсларга ҳам тўловлар амалга оширилгани маълум бўлди. Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, ноқонуний тўланган маблағлар қайтариб олинган.

Пенсионерларни оммавий қайта рўйхатдан ўтказиш 2025 йилнинг ноябрь ойи иккинчи ярмида бошланган эди. Жараёндан ўтиш учун фуқаролар шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан агентлик бўлимига шахсан мурожаат қилишлари талаб этилган. Ходимлар пенсионернинг суратини олиб, унинг маълумотларини махсус электрон тизимга киритган.

Аввалроқ қайта рўйхатдан ўтмаган 14 мингдан ортиқ пенсионерга пенсия тўловлари вақтинча тўхтатилган эди. Улар рўйхатдан ўтгач, пенсия тўловлари қайта тикланган.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистонда 876 990 нафар пенсионер рўйхатга олинган. Улардан 170 минг нафардан ортиғи ногиронлиги бўлган шахслардир. Суғурта тўловларини ҳисобга олган ҳолда ўртача пенсия миқдори 513 сомони (55 доллар), меҳнат пенсияси — 646 сомони (70 доллар), ижтимоий пенсия эса 355 сомонини (38 доллар) ташкил этади.

Биометрик маълумотлар базасини жорий этиш мамлакат раҳбарияти эълон қилган иқтисодиёт ва давлат хизматларини рақамлаштириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Президент Эмомали Раҳмон 2025–2030 йилларни «Рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни ривожлантириш йиллари» деб эълон қилган. Белгиланган вазифалар қаторида давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш, ягона маълумотлар базаси ва уларни қайта ишлаш марказларини яратиш, 5G тармоқларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ўрин олган.

Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси орасида замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш даражаси ҳануз пастлигича қолмоқда. Microsoft компаниясининг генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича рейтингида Тожикистон Афғонистон, Туркманистон ва Бурунди билан биргаликда энг сўнгги ўринни эгаллаган. Мамлакатда 15–64 ёшдаги аҳолининг атиги 6,1 фоизи бундай сервислардан фойдаланади.