Қозоғистонлик футболчи «Челси»даги дебют учрашувида гол урди

Дастан Сатпаев. «Челси» ФК фотосурати

17 ёшли Қозоғистон терма жамоаси ҳужумчиси Дастан Сатпаев Лондоннинг «Челси» клуби асосий таркибидаги илк учрашувида гол урди. Форвард Австралиянинг «Вестерн Сидней Уондерерс» клубига қарши ўртоқлик учрашувида ажралиб турди. Ўйин инглиз жамоасининг 6:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Учрашув 28 июль куни Сидней шаҳридаги «Аккор» стадионида бўлиб ўтди. Сатпаев майдонга 36-рақам остида тушди ва 7-дақиқада ҳисобни очди. Райан Кавума-Маккуиннинг узатмасини қабул қилган қозоғистонлик футболчи жарима майдонига ёриб кириб, кучли зарба билан тўпни дарвозага йўллади. Шунингдек, Дастан жамоасининг иккинчи голида ҳам иштирок этди. Танаффусдан сўнг у майдонни тарк этди.

Ушбу учрашув Сатпаевнинг «Челси» сафидаги илк очиқ ўйини бўлди, бироқ унинг жамоа таркибидаги мутлақ дебюти эмас. 18 июль куни ҳужумчи «Кроули Таун»га қарши ёпиқ назорат учрашувида бир бўлим ҳаракат қилди. Ўша баҳсда лондонликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ҳозирча Сатпаев расман «Челси» футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаган. Унинг Олмаотанинг «Қайрат» клубидан трансфери 12 августдан кейин, футболчи 18 ёшга тўлгач, расман якунланиши кутилмоқда. Қозоғистон клуби ҳужумчига муддатидан олдин Лондон жамоаси машғулотларига қўшилиш ва у билан мавсумолди йиғинида иштирок этиш учун рухсат берган.

«Қайрат» тарбияланувчиси Қозоғистон миллий терма жамоаси сафида ҳам тўп суради. 2025 йилда у Даниянинг «Копенгаген» клубига қарши ўйинда гол уриб, Чемпионлар лигасининг асосий босқичида гол урган илк қозоғистонлик футболчига айланган. Ўша йилнинг ўзида Сатпаев Қозоғистон миллий терма жамоаси сафидаги илк голини Бельгия дарвозасига киритган. Шунингдек, Дастан Сатпаев Англия Премьер-лигаси клуби либосида майдонга тушган ва гол урган биринчи қозоғистонлик футболчи сифатида тарихга кирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ