Туркманистон темир йўлларининг собиқ раҳбари Россияда «экстази» контрабандаси учун 8,5 йилга қамалди

Москва вилояти суди. law.ru фотосурати

Москва вилояти суди «Демирёллары» («Туркманистон темир йўллари»)нинг собиқ раҳбари Хидир Раҳмоновга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. У МДМА психоактив моддасини контрабанда қилиш ва ноқонуний сақлашда айбдор деб топилиб, саккиз йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Turkmen.news суд қарори нусхасига таяниб хабар берди.

МДМА — рағбатлантирувчи ва галлюциноген таъсирга эга синтетик психоактив модда бўлиб, «экстази» номи билан ҳам машҳур.

Ҳукм 2026 йил 16 апрель куни Домодедово шаҳар суди томонидан чиқарилган. Раҳмонов йирик миқдорда психоактив моддаларни контрабанда қилиш ва уларни сотиш мақсадисиз ноқонуний сақлашда айбдор деб топилди. Жазо муддати 2025 йил 4 октябрдан — у қўлга олинган кундан ҳисобланади. Ҳимоя томони ҳукм устидан шикоят қилди, аммо 21 июль куни Москва вилояти суди апелляция шикоятини рад этди.

Тергов материалларига кўра, Раҳмоновнинг юкидан умумий оғирлиги 7,16 грамм бўлган, таркибида МДМА мавжуд тахминан 20 та таблетка топилган. Улар икки хил сумка ичида бўлган, шундан 17 таси ошқозон учун мўлжалланган дори қутиси ичига яширилган. Қизил рангли таблеткаларга ROLEX ёзуви туширилган бўлган.

Аввалига Раҳмонов мазкур препаратни дорихонадан сотиб олганини айтган, кейинроқ эса таблеткаларни унга ҳайдовчиси берганини билдирган. Судда собиқ амалдор бошқа версияни келтириб, унинг айтишича, препаратни форумлардан биридан кейин танишлари унга тинчлантирувчи восита сифатида берган. Раҳмонов айбини тан олган ва қилмишидан пушаймон эканини таъкидлаган.

Контрабанда моддаси бўйича у саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди, психоактив моддани ноқонуний сақлаш моддаси бўйича эса икки йил жазо тайинланди. Жазолар қисман қўшилганидан сўнг якуний муддат саккиз йил олти ойни ташкил қилди. Суд қатор енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, қонунда белгиланган энг кам жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлаган. Улар қаторида айбини тан олгани, тергов билан ҳамкорлик қилгани, вояга етмаган фарзанди ва боқувида касал онаси борлиги, сурункали касалликлари ҳамда ижобий тавсифномалари келтирилган.

Раҳмонов Ашхободдан келганидан сўнг Домодедово аэропортида қўлга олинган. У даволаниш учун Россиянинг Ессентуки шаҳрига йўл олган. Қўлга олинган пайтда Раҳмонов «Халқаро туркман логистикаси» компаниясига раҳбарлик қилар, ундан аввал эса «Демирёллары» («Туркманистон темир йўллари»)ни бошқарган.

Унинг қўлга олингани 2025 йил ноябрь ойида маълум бўлган. Раҳмонов Москвага ҳамроҳи билан бирга учиб келган ва тақиқланган моддалар божхона кўриги вақтида аниқланган. Дастлабки хабарларда препарат ЛСД деб аталган, аммо кейинчалик эълон қилинган суд материалларидан гап таркибида МДМА бўлган таблеткалар ҳақида кетгани маълум бўлган.

Turkmen.news маълумотига кўра, Туркманистон расмийлари Раҳмоновни озод қилишга уринган. Нашрнинг даъво қилишича, жиноят ишини тугатиш мақсадида Ашхободдан дипломатик почта орқали гўёки 3 миллион АҚШ доллари юборилган. Россияда воситачи сифатида «Туркманистон» журнали бош муҳаррири Михаил Переплеснин ҳамда ҳозирда Туркманистоннинг АҚШдаги, ўша пайтда эса Россиядаги элчиси бўлган Эсен Айдоғдиев тилга олинган. Ашхобод томонида бу масалани шахсан Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов мувофиқлаштиргани айтилмоқда. Бироқ, нашр таъкидлашича, кўрилган барча саъй-ҳаракатлар ва сарфланган маблағларга қарамай, Раҳмоновни тўлиқ оқлашнинг имкони бўлмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ