Қозоғистон Мудофаа вазирлигида ҳарбий машғулотлар устидан назоратни ташкил этиш, хавф-хатарларни баҳолаш ва тезкор чора кўришга тайёргарлик борасида камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Бош вазир Олжас Бектеновнинг депутатлик сўровига берган жавобида айтилган, деб хабар беради Tengrinews.kz.
«Хусусан, хавфли омилларга етарлича эътибор қаратилмаган, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва машғулотларнинг хавфли босқичларини тўхтатиш бўйича ўз вақтида қарор қабул қилиниши устидан тегишли назорат бўлмаган», — дея таъкидлайди ҳукумат раҳбари.
Шу билан бирга, у Қозоғистон Қуролли кучларида манёврларни ҳаводан кузатиш учун учувчисиз тизимлардан аллақачон фойдаланилаётганини қайд этди. Айрим бўлинмаларда ҳарбий хизматчиларнинг жойлашувини аниқлаш ва уларнинг физиологик ҳолатини назорат қилиш имконини берувчи шахсий қурилмалар қўлланилмоқда. Бундан ташқари, куч тузилмалари «Қазгидромет» билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва об-ҳавонинг кутилaётган ўзгаришлари ҳақида мунтазам маълумот олиб туради.
Вазирликда комплекс текширув жорий йил сентябрь ойида Манғистау вилоятидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан кейин бошланганди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, об-ҳаво кескин ёмонлашиб, кучли шамол эсиши оқибатида ўқув-жанговар вазифани бажараётган ҳарбий хизматчилар гуруҳини денгизга оқизиб кетган. Ҳарбийлар ҳалок бўлганидан сўнг Мудофаа вазирлиги раҳбарияти алмаштирилди ва жиноят иши қўзғатилди. Ушбу иш доирасида Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони, унинг собиқ ўринбосари — ҲДК штаби бошлиғи, шунингдек, бошқа бир қатор мансабдор шахслар қамоққа олинди.
Фожиа ортидан ҳукумат қуролли кучлар ислоҳотини ҳам эълон қилди. Ушбу ислоҳот муддатли ҳарбий хизматни икки босқичли моделга ўтказишни назарда тутади. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги жанговар ҳаракатларни моделлаштириш имконини берувчи симуляторларни жорий этишни режалаштирмоқда. Вазирлик баёнотига кўра, бу ҳарбий хизматчилар тайёргарлиги сифатини ошириш ва машғулотлар ўтказиш харажатларини камайтиришга хизмат қилиши керак.



