Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси инвестициялар ва ташқи савдо масалаларидаги фаолиятсизлиги учун лавозимидан озод этилди

Раҳматулла Назаров ва Александр Лукашенко. ont.by сайти фотосурати

Инвестициялар ва экспорт масалаларига бефарқ муносабатда бўлгани учун Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 21 июль куни Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Беларусдаги Ўзбекистон элчиси лавозимини 2024 йил февраль ойи бошидан буён Раҳматулла Назаров эгаллаб келаётган эди. У бу лавозимга Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифидан бир неча кун олдин тайинланган. Ўша пайтда икки давлат 2024–2025 йилларда умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ экспорт шартномалари ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олган эди. 2026 йил март ойида Лукашенко қабул маросимида Назаров 2025 йил якунлари бўйича мамлакатлар ушбу кўрсаткичга деярли эришганини ва энди яқин вақт ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилаётганини маълум қилган.

Назаровнинг «инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига бефарқ муносабатда бўлгани учун» лавозимидан озод этилганини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари, шунингдек, Франция, Австрия, Испания, Италия, Уммон, Индонезия, Малайзия ва Сингапурдаги элчилар фаолияти натижаларидан ҳам норозилигини билдирди. У Президент администрациясига элчихоналар ва консулликлар фаолиятини иқтисодий дипломатия, инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни ривожлантириш йўналишлари бўйича қайта кўриб чиқиш, шунингдек, самарасиз раҳбарларнинг ўрнига ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тайинлаш юзасидан таклифлар киритишни топширди.

Мазкур йиғилишда олий даражадаги 52 та ташриф давомида келишилган, умумий қиймати 213 миллиард АҚШ долларига тенг 1617 та инвестиция лойиҳаси ижроси устидан назорат кучайтирилиши ҳам маълум қилинди. Уларнинг «йўл хариталари» ижросини мониторинг қилиш Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ