Қирғизистон Энергетика вазирлиги блэкаут муаммоларини ҳал этиш учун президент жамғармасидан 350 миллион доллар олади

depositphotos.com фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш учун ўз жамғармасидан тахминан 350 миллион доллар ажратади. Хусусан, ушбу маблағлар янги электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни қуришга йўналтирилади. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков маълум қилди, деб хабар беради Economist.kg.

Вазирнинг сўзларига кўра, энергетика тизимидаги муаммолар 17 июль куни давлат раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган. Энергетика вазирлиги Жапаровга электр таъминотида узилишлар кузатилаётган Бишкек шаҳрида янги электр узатиш тармоқлари ва йирик подстанциялар қуриш бўйича таклифларни тақдим этган.

Президент ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ўз жамғармасидан тахминан 350 миллион доллар ажратишга ваъда берганини вазир қўшимча қилди.

Унинг таъкидлашича, илгари бундай лойиҳалар фақат энергетика компанияларининг маблағлари ёки молия институтлари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан амалга оширилган.

Рисбековнинг таъкидлашича, жорий йилда ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши сабабли энергетика соҳасидаги вазият янада оғирлашган. Аҳоли кондиционерлардан оммавий равишда фойдаланаётгани электр тармоқларига тушаётган юкламани кескин оширган.

Вазирнинг айтишича, 20 июль куни электр энергияси истеъмоли рекорд даражага — қарийб 50,8 миллион киловатт-соатга етган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу санасида бу кўрсаткич тахминан 43 миллион киловатт-соатни ташкил этган.

Энг мураккаб вазият Бишкек шаҳрининг чекка ҳудудларида, шаҳарнинг турар жой массивларида, шунингдек, пойтахтга яқин жойлашган Чўй вилояти аҳоли пунктларида кузатилмоқда.

«Ортиқча юклама туфайли айрим ҳудудлардаги энергетика ускуналари деярли ўз техник имкониятларининг энг юқори чегарасида ишлади. <…> Ҳаво ҳарорати тахминан 45 даражага етганда электр узатиш тармоқларининг техник ўтказувчанлик қобилияти қарийб 25 фоизга пасаяди. Яъни, оддий шароитда линия қувватнинг 100 фоизини узата олса, бундай иссиқда бу кўрсаткич 75 фоизгача тушиши мумкин», — дейди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Блэкаутлар билан боғлиқ вазият давлат раҳбари эътиборидан четда қолмаган. Жапаров мамлакат импорт қилинадиган электр энергиясига қарам эканини айтиб, бу ҳолатни уятли деб баҳолади. Президентнинг таъкидлашича, Қирғизистон йирик сув ресурслари манбалари бошида жойлашганига қарамай, электр энергияси танқислигини бошдан кечирмоқда.

Жапаровнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида мамлакатда 50 га яқин кичик ва ўрта гидроэлектр станцияси ишга туширилган, яна шунчаси қурилмоқда. Бироқ мустақиллик йиллари давомида Камбарота ГЭС-2нинг бирорта ҳам гидроагрегати ишга туширилмаган ва бирорта йирик гидроэлектр станцияси барпо этилмаган.

Республика раҳбари қиш мавсумида электр энергияси етказиб беришни сўраб қўшни давлатларга мурожаат қилиш унга ноқулай эканини тан олди. Шу билан бирга, ҳозирча импортдан воз кечишнинг имкони йўқлигини қайд этди.

Жапаров электр энергияси танқислиги муаммосини ҳал этишга умид билдириб, 21 июлдан бошлаб Энергетика вазири ҳар куни соҳадаги вазият юзасидан жамоатчиликка ахборот бериб боришини маълум қилди.

Жорий ёз мавсумида Қирғизистонда бир неча марта кенг кўламли электр узилишлари — блэкаутлар кузатилди. Жумладан, 17 июль куни деярли бутун Бишкек шаҳри электр таъминотисиз қолди. Шунингдек, Қант, Нарин, Жалолобод шаҳарлари ҳамда Ўш, Чўй ва Иссиқкўл вилоятларида ҳам электр таъминотида узилишлар юз берди.

«Қирғизистон миллий электр тармоқлари» компанияси аварияга юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида юзага келган носозликлар сабаб бўлганини маълум қилди. «220 кВли “Қора-Балта — Главная” ва “Главная — Шу” юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ўчиб қолди. Бунинг натижасида юкламани автоматик тарзда ўчириш тизими ишга тушди», — дейилади компания хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ