Ҳуқуқ ҳимоячилари тожикистонлик мухолифатчи Германиядан экстрадиция қилинган пайтда қийноққа солинганини маълум қилди

Асадулло Бобоев. Фото с сайта rferl.org

Тожикистонлик мухолифатчи Асадулла Бобоев Мюнхендан Душанбе йўналиши бўйича учган «Somon Air» авиакомпанияси самолёти бортида бўлган вақтидаёқ қийноқ ва зўравонликка дучор бўлган. Бу ҳақда Тожикистондаги гаровга олинганлар ва сиёсий маҳбусларни қутқариш бўйича Фуқаролик қўмитаси маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, гувоҳлар тожикистон ҳукумати вакиллари деб билган олти киши бутун парвоз давомида Бобоевни уриб, қийноққа солган. Унинг бақириқлари ва инграшлари бошқа йўловчиларни хавотирга солган. Айрим йўловчилар шафқатсиз муносабатга қарши норозилик билдиришга уринганида, Бобоевни кузатиб келаётган шахслар уларга «Асадулло билан бирга самолётдан ташлаб юбориш» билан таҳдид қилган.

Баёнотда айтилишича, Бобоевга ҳалигача адвокат хизматларидан фойдаланиш имконияти берилмаган. Унинг қариндошлари ва яқинларига у билан учрашишга рухсат берилмаяпти, қўлга олинган шахсга етказиб беришга уринилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар қабул қилинмаяпти. Қўмита фикрига кўра, бу ҳолат Бобоевнинг жисмоний аҳволи ва хавфсизлиги борасида жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда.

«Қўмитамиз сўнгги йиллар давомида Европа давлатларидан сиёсий қочқинларни адолатсиз экстрадиция қилиш хавфи ва уларни Тожикистонга қайтаргандан сўнг кутаётган фожиали тақдир ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди. Афсуски, Асадулло Бобоев иши ушбу огоҳлантиришлар асосли бўлганини кўрсатмоқда», — дейилади баёнотда.

Асадулло Бобоев билан бирга унинг 19 ёшли ўғли Муҳаммад Бобоев ҳам Германиядан Тожикистонга экстрадиция қилинган. Қўлга олинган шахснинг турмуш ўртоғи Мастона Файзуллоева маълум қилишича, Душанбе шаҳрига етиб келгач, ўғли бувисининг қарамоғига топширилган.

Қўмита халқаро ташкилотларни, жумладан БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), шунингдек Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотларини Тожикистонга экстрадиция қилинган қочқинлар билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратишга чақиради.

Баёнотда таъкидланишича, ҳар бир ҳаракатсиз қолдирилган лаҳза янги фожиага олиб келиши мумкин. Қўмита Асадулло Бобоевга мустақил адвокат ёрдамига мурожаат қилиш, қариндошлари билан учрашиш имкониятини таъминлаш ҳамда унинг ҳолати устидан халқаро кузатув ўрнатиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда. Бу чоралар уни кейинги қийноқ ва инсонпарварликка зид муносабатдан ҳимоя қилишга қаратилган.

Аввалроқ Human Rights Watch ташкилоти Германия ўз ватанида сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқибга учраш хавфи бўлган хорижий фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларига риоя қилмаётганини маълум қилган эди. Халқаро ҳуқуқ бошқа давлатда қийноққа солиниш хавфи бўлган шахсларни чиқариб юборишни тақиқлайди. Ташкилот эслатишича, бу қоида Германия томонидан ратификация қилинган бир нечта халқаро шартномаларда белгиланган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Германияни Бобоевни чиқариб юбориш ҳолатини текширишга ва мухолифатчи қўлга олингани муносабати билан Тожикистонга босим ўтказишга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ