Тожикистонлик мураббий Қозоғистоннинг «Актобе» клубига бош мураббий бўлиши мумкин

Игорь Черевченко. «Истиқлол» ФК фотосурати

Душанбеда туғилган Игорь Черевченко Қозоғистоннинг «Актобе» футбол клубига янги бош мураббий бўлиши мумкин. Бу ҳақда журналист Владимир Жарков ўзининг Telegram-даги «ЖаркOFF» каналида маълум қилди.

Черевченко словакиялик Штефан Таркович ўрнига жамоани бошқариши мумкин. «Актобе» раҳбарияти ҳозирги мураббий билан шартномани муддатидан олдин бекор қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Томонларга фақат товон пули миқдорини келишиб олиш қолган. Клуб ҳозирча мураббийнинг кетиши ҳақида расмий баёнот бермаган.

Таркович «Актобе» бош мураббийи лавозимига 2026 йил 1 апрель куни тайинланган ва бу лавозимда болгариялик Николай Костовнинг ўрнини эгаллаган эди. Қозоғистон чемпионатининг 17 туридан сўнг жамоа 25 очко тўплаб, еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, клуб мамлакат Кубогидаги иштирокини якунлаган.

Игорь Черевченко Душанбеда туғилган, маҳаллий «Помир» клуби ва Тожикистон миллий терма жамоасида тўп тепган. У футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Москва шаҳрининг «Локомотив» клубида ўтказган.

2015 йили Черевченко «Локомотив»ни Россия Кубоги ғолиблигига олиб келган. Кейинчалик мутахассис Калининграднинг «Балтика», Туланинг «Арсенал», Москва вилоятининг «Химки» ва Воронежнинг «Факел» жамоаларида ишлаган. «Арсенал» билан у клуб тарихида илк бор еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритган.

Черевченконинг сўнгги иш жойи Душанбенинг «Истиқлол» клуби бўлган. Унинг раҳбарлиги остида жамоа уч марта кетма-кет — 2023, 2024 ва 2025 йиллари айланган. 2025 йил декабрь ойида мураббий шартнома муддати тугагани сабабли клубни тарк этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ