Хитой кўп марта фойдаланиладиган ракеталар технологиясини ўзлаштирди — CZ-10B ракетасининг биринчи босқичи денгиз платформасига муваффақиятли қайтди

Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Хитой биринчи марта ракета ташувчининг биринчи босқичини денгиз платформасига муваффақиятли қайтарди, деб хабар беради «Синьхуа» агентлиги.

Синов мамлакат жанубидаги Хайнань оролида ўтказилган. CZ-10B (Long March 10B) ракета ташувчиси Вэньчан космодромидан учирилгандан сўнг босқичларни ажратиш жараёнини муваффақиятли амалга оширган. Шундан сўнг биринчи босқич назоратли тарзда пастлашни амалга ошириб, тўрли қўниш тизимидан фойдаланган махсус денгиз платформаси томонидан муваффақиятли ушлаб қолинган.

Бу хитойлик мутахассислар ракета биринчи босқичини назоратга олиб қайтаришга муваффақ бўлган илк ҳолат ҳисобланади. Илгари кўп марта фойдаланиладиган CZ-12A (Long March 12A) ракета синовлари вақтида биринчи босқич қўниш майдонига қайта олмаган эди.

«Синьхуа» хабарига кўра, ушбу миссия Хитой учун кўп марта фойдаланиладиган ракеталар технологияси соҳасидаги йирик ютуқ сифатида баҳоланмоқда.

Long March 10B («Чанчжэн-10Б») ракета ташувчиси диаметри 5 метр бўлган, суюқ ёқилғида ишлайдиган икки босқичли ракета ҳисобланади. Биринчи босқичда кислород-керосин ёқилғиси, иккинчи босқичда эса кислород ва метан қўлланилади. Ракетанинг стартдаги оғирлиги қарийб 760 тоннани, старт тортиш кучи тахминан 890 тоннани, узунлиги эса 63 метрни ташкил этади.

Қайта фойдаланиладиган конфигурацияда ракета Ернинг паст орбитасига 16 тоннагача фойдали юк чиқара олади. Бу ундан сунъий йўлдош интернет тармоқларини жойлаштириш ва йирик тижорий сунъий йўлдошларни учиришда фойдаланиш имконини беради.

Global Times ёзишича, синовларда иштирок этган мухбир ракета яратилишида қатнашган муҳандисларнинг биринчи босқич муваффақиятли қайтганини кузатаётганда кўз ёшларини тия олмаганига гувоҳ бўлган.

Нашр маълумотларига кўра, муваффақиятли қўниш Хитой космик дастури учун тарихий воқеа бўлган. «Хитой дунёда (АҚШдан кейин — таҳр. изоҳи) ракета ташувчининг биринчи босқичини вертикал тарзда қайтариш технологиясини ўзлаштирган иккинчи мамлакатга айланди», — дейилади мақолада.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ