Ўзбекистонда Ислом цивилизациясини ўрганиш ва оммалаштириш тўғрисида декларация қабул қилинди

ИЦМда декларация қабул қилиниши. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистонда ўтаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари мусулмонлар цивилизацион меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш тўғрисидаги декларацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуси учун миннатдорлик билдирилган. Ушбу ташаббуснинг амалий давоми сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ва биринчи халқаро форумнинг ўтказилиши қайд этилган.

Декларация муаллифлари мусулмонларнинг жаҳон илм-фани, таълим, санъат, меъморчилик ва маънавий тафаккур ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Ҳужжатда, шунингдек, жаҳолат, экстремизм, ксенофобия, исломофобия ҳамда ислом мероси ҳақидаги бузиб кўрсатилган тасаввурларга қарши курашиш зарурлиги қайд этилган.

Форумнинг асосий ташаббуси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Ислом цивилизацияси Бутунжаҳон форумини ташкил этишни таклиф қилинди. Ушбу платформа халқаро ташкилотлар, олимлар, илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар, архивлар, қўлёзмалар марказлари, тадқиқот институтлари ва бошқа тегишли тузилмаларни бирлаштиради.

Таклиф этилаётган Бутунжаҳон форум ёки альянс узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий, таълимий, маданий, музей ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, билим ва илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйишга хизмат қилади.

Бошқа ташаббуслар қаторида мусулмон маданий меросининг Бутунжаҳон рақамли реестрини яратиш таклифи ҳам илгари сурилди. Унда қўлёзмалар, архив материаллари, музей коллекциялари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос объектлари ҳамда илмий тадқиқотлар натижалари жамланиши кўзда тутилган.

Форум иштирокчилари, шунингдек, «Ислом цивилизацияси — бутун инсоният мероси» халқаро дастурини амалга оширишни таклиф қилишди. Дастур халқаро кўргазмалар, таълим лойиҳалари, илмий конференциялар, нашриёт ташаббуслари ва маданий тадбирларни қамраб олади.

Бундан ташқари, декларацияда маданий меросни оммалаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар назарда тутилган. Улар қаторига Ислом цивилизациясининг глобал рақамли кутубхонасини яратиш, Ислом цивилизацияси бўйича кўп жилдли халқаро энциклопедияни тайёрлаш, мусулмонлар меросининг ҳолати ҳақида ҳар йиллик маъруза эълон қилиш ҳамда халқаро ёшлар форумини ташкил этиш киради.

Шунингдек, Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. У турли мамлакатлардаги музейлар, галереялар ва ихтисослашган муассасаларни қўшма кўргазмалар, реставрация, таълим, илмий тадқиқот ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида бирлаштириши керак.

Форум доирасида сайланган Халқаро форум кенгаши доимий мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолият юритади. Унга форум иштирокчилари томонидан билдирилган ташаббус ва таклифларни умумлаштириш, улар асосида 2030 йилгача бўлган қўшма ҳаракатлар бўйича халқаро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилади.

Якунда форум иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, олий таълим муассасалари, музейлар, кутубхоналар ва жамоат бирлашмаларини таклиф этилган ташаббусларни «тинчлик, ўзаро ҳурмат, маърифат ва ислом цивилизациясининг беқиёс бой меросини асраб-авайлаш йўлида» биргаликда амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.

ℹ️ «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусидаги халқаро форум 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилмоқда. Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан келган 300 га яқин хорижий меҳмон, олимлар, илоҳиётшунослар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ