Мусулмонлар Жаҳон лигаси Бош котиби Ўзбекистонни ислом цивилизацияси тарихининг энг ёруғ саҳифаларидан бири деб атади

Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса. ИЦМ фотосурати

Мусулмонлар Жаҳон лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистонни ислом цивилизацияси, илм-фан ва маърифатнинг энг муҳим марказларидан бири деб атади. Бу ҳақда у Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларига бағишланган I Халқаро ислом цивилизацияси форумида сўзлаган нутқида маълум қилди, дея хабар беради Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.

Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин олим, сиёсат, маданият ва дин арбоблари иштирок этди.

«Ўзбекистон — ислом цивилизацияси тарихидаги энг ёрқин саҳифалардан биридир. Самарқанд, Бухоро, Регистон ҳамда Имом ал-Бухорий мақбараси каби тарихий ёдгорликлар бу замин илм-фан ва маънавий тараққиётнинг энг йирик марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди», — деди ал-Исса.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг исломий мероси бутун мусулмон оламида кенг танилган ва эътироф этилган. У, айниқса, Самарқанднинг ислом меъморчилиги тараққиётидаги ўрнини ҳамда Бухоронинг муҳаддис ва исломшунос олим Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий номи билан боғлиқ бўлган ислом оламининг энг йирик илмий марказларидан бири сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Мусулмонлар Жаҳлон лигаси Бош котиби ислом цивилизацияси илм-фан, маърифат ва юксак ахлоқий қадриятлар асосида шаклланганини қайд этди. Унинг фикрича, бугунги кунда нафақат ўтмиш хотирасини асраб-авайлаш, балки таълим ва илмий фаолият орқали ислом цивилизациясининг руҳини қайта тиклаш ҳам зарур.

Ал-Исса Ўзбекистон ҳукуматининг исломий, илмий ва маданий меросни сақлаш, ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Хусусан, у Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилишини муҳим воқеалар сифатида қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Имом ал-Мотуридий меросини ўрганувчи илмий муассасалар фаолияти бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.

«Бизнинг масъулиятимиз фақат ўтмиш билан фахрланишдан иборат эмас. Балки илм ва амал орқали, юксак исломий қадриятларга таянган ҳолда, цивилизация руҳини бугунги ҳаётимизда қайта жонлантиришдир», — деди ал-Исса.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ