Қозоғистон АҚШга агросаноат мажмуаси, рақамлаштириш ва Транскаспий транспорт йўлаги логистикаси соҳаларида қўшма лойиҳаларни таклиф қилди. Бу ҳақда 30 июнь куни Остонада бўлиб ўтган «Қозоғистон Республикаси – Америка Қўшма Штатлари» бизнес давра суҳбатида «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси (МТП) раҳбари Қанат Шарлапаев маълум қилди, деб хабар беради МТП матбуот хизмати.
Тадбирда икки мамлакат давлат идоралари, бизнес доиралари, халқаро корпорациялар ва молия институтлари вакиллари иштирок этди. Қутлов сўзи билан Қозоғистон Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин, президентнинг АҚШ билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Қозихан, АҚШ элчихонаси раҳбари ўринбосари Дебора Робинсон ҳамда АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси иштирок этди.
Шарлапаев ўз нутқида америкалик компаниялар мустақил Қозоғистоннинг дастлабки стратегик инвесторлари бўлганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳамкорлик анъанавий савдо доирасидан чиқиб, технологик кооперация ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўналишига ўтмоқда. МТП раҳбари Қозоғистон хорижий инвесторлар учун шаффоф тартибга солиш муҳитини яратиш бўйича ишларни давом эттираётганини, жумладан, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва тартиб-таомилларни соддалаштириш чоралари кўрилаётганини қайд этган.
Янги устувор йўналишлар қаторида Қозоғистон томони ноёб ер элементлари конларини ўзлаштириш, уларни чуқур қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшма илмий марказлар ташкил этиш лойиҳаларини тилга олган. Шунингдек, америкалик компанияларни Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (ТХТЙ) портлари ва логистикасини модернизация қилишга жалб этиш таклиф қилинган. Алоҳида йўналишлар сифатида рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва «Астана» халқаро молия маркази (АХММ) негизидаги финтех соҳаси кўрсатилган. Агросаноат мажмуасида эса Қозоғистон аниқ деҳқончилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ирригация тизимларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда.
«Биз фақат капитал жалб этишдан эмас, балки замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологиялар трансфери, инновацияларни ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини шакллантиришдан манфаатдормиз. Қозоғистон ҳар икки мамлакат учун узоқ муддатли иқтисодий қиймат яратадиган шерикликни ривожлантиришга интилади», — деган Шарлапаев.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Куантировнинг маълум қилишича, мамлакатда 600 дан ортиқ Америка компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. АҚШнинг Қозоғистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми 100 миллиард доллардан ошган.
Куантиров таъкидлашича, Қозоғистон нефть-кимё ва металлургиядан тортиб машинасозлик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашгача бўлган соҳаларда юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.
Учрашув иштирокчилари инвестиция муҳити, юқори технологияли ишлаб чиқариш, рақамлаштириш ва Америка бизнесининг Қозоғистондаги иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишган. Учрашувнинг асосий натижаси сифатида «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси ва АҚШ Савдо палатаси ҳузуридаги Америка–Қозоғистон бизнес кенгаши ўртасида стратегик шериклик бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат бизнес ҳамжамиятлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Давра суҳбатидан сўнг Куантиров АҚШ Савдо миссияси делегацияси билан алоҳида учрашув ўтказган. У ўз нутқида Қозоғистондаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) таркибидаги ўзгаришлар динамикасига тўхталган.
«Агар 25 йил аввал тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг тахминан 75 фоизи нефть-газ ва металлургия тармоқларига тўғри келган бўлса, бугунги кунда уларнинг улуши қарийб 35 фоизни ташкил этмоқда. Бу Қозоғистон иқтисодиёти чуқур диверсификация қилинганини кўрсатади», — деган вазир ўринбосари.



