Германияда ўзбек-тожик кинорежиссёри Бақо Содиқов вафот этди

Бақо Содиқов. asiaplus.news сайти фотосурати

Германияда таниқли кинорежиссёр ва сценарист Бақо Содиқов вафот этди. Бу ҳақда Али Чориевга таяниб «Азия-Плюс» хабар қилди.

84 ёшли киноижодкорнинг вафот этиш сабаби маълум қилинмаган. Бақо Содиқов Германияда дафн этилади.

У 1941 йил 13 июль куни Бухоро шаҳрида туғилган. 1967 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетини, шунингдек Москва шаҳридаги сценаристлар ва режиссёрларнинг Олий курсларини тамомлаган. 1967–1993 йиллар давомида Тожикфильм киностудиясида режиссёр сифатида фаолият юритган.

Бақо Содиқов 1977 йилда диплом иши сифатида суратга олган «Адонис XIV» қисқа метражли фильми орқали кенг жамоатчиликка танилган. Цензура чекловлари сабабли картина фақат қайта қуриш даврида — 1986 йилда экранларга чиққан. Фильмда махсус агент вазифасини бажарувчи эчки бутун бир подани гўшт комбинати сўйишхонасига олиб бориши ҳақида ҳикоя қилинади. Картина Москва, Оденсе ва Мангейм шаҳарларида ўтказилган халқаро кинофестивалларда мукофотларга сазовор бўлган.

Режиссёрнинг бошқа машҳур ишлари қаторига «Муқаддас Бухоро», «Довул», «Жосус», «Орол», «Лой қушлар» ҳамда «Биринчи бўлиш қийин» ҳужжатли фильми киради. Унинг картиналари Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида ўтказилган халқаро кинофестивалларда бир неча бор мукофотларга сазовор бўлган. «Довул» фильми Канн кинофестивали дастурига киритилган биринчи совет Марказий Осиё фильми бўлган. Фильм сценарийсини Бако Содиқов Чингиз Айтматов билан ҳаммуаллифликда ёзган.

1998 йилда Бақо Содиқов IX асрда яшаган ислом олими, муҳаддис, фақиҳ ва Қуръон тафсирчиси ҳақидаги «Имом ал-Бухорий» кўп қисмли бадиий фильмни суратга олган. Фильм яратилишида Тожикистон ва Ўзбекистон кинематографчилари иштирок этган. Сценарий муаллифлари Бақо Содиқов ҳамда унинг ўғли Улуғбек Содиқов бўлган.

2003 йилда Ўзбеккино буюртмаси асосида Бақо Содиқов томонидан суратга олинган «Фидойилар» фильми экранга чиқди. Картина жадидчилик ҳаракатининг мафкурачилари ва етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда унинг сафдошлари — Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Мунаввар Қори Абдурашидхон ўғли ва бошқаларнинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

1997 йилдан бошлаб Бақо Содиқов оиласи билан Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаб келган. Фақат 2018 йилда Президент фармони билан унга Ўзбекистон фуқаролиги ва паспорти берилган. Режиссёр ўғли Умед Содиқов истиқомат қиладиган Германияга 2025 йилда кўчиб ўтган.

Икки йил аввал «Азия-Плюс» нашрига берган интервьюсида Бақо Содиқов бадиий ва ҳужжатли фильмларга оид бир қатор лойиҳалари ҳақида сўзлаб берган. Шунингдек, у Тимур Пўлатовнинг «Бухоро хонадонининг кечмишлари» романи асосида суратга олинажак шу номдаги тўлиқ метражли бадиий фильм сценарийси устида ишларни тугатганини, шунингдек, аввалги фильмлари устида иш олиб бораётганини маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ