Ўзбекистон терма жамоаси 18 июнь куни жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ўйинини ўтказди. Фабио Каннаваро жамоаси К гуруҳининг биринчи турида Колумбияга қарши майдонга чиқиб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Ўйин Мехикодаги «Ацтека» стадионида бўлиб ўтди.
Колумбияликлар учрашувни жуда фаол бошлади. Улар бир нечта хавфли ҳужумлар ташкил қилди ва ҳатто тўпни устунга теккизди. 40-дақиқада эса жанубий америкалик футболчилар ҳисобни очишди: Луис Диас тўпни Даниэл Муньосга узатди ва у тўпни Ўзбекистон дарвозасига йўллади.
Танаффусдан сўнг Ўзбекистон ўйинини кучайтирди ва жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голини урди. Достонбек Ҳамдамов ҳужумга Элдор Шомуродовни қўшди, унинг зарбасини Колумбия терма жамоаси дарвозабони Камило Варгас қайтарди, бироқ Аббосбек Файзуллаев қайтарилган тўпдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ, бу дуранг узоққа чўзилмади. Беш дақиқадан сўнг Колумбия яна олдинга чиқди: Ўзбекистон футболчилари аутни нотўғри ижро этди, Шомуродов тўпни йўқотди, Густаво Пуэрта Луис Диасни зарба бериш учун қулай вазиятга чиқарди ва у аниқ зарба билан тўпни узоқ бурчакка йўллади.
Учрашув охирида Ўзбекистон ҳисобни қутқаришга ҳаракат қилди. Акмал Мозговой тўпни устун ёнидан ўтказиб юборди, Беҳруз Каримов узоқ масофадан дарвозанинг тўсинига тегизди, Азизбек Амонов эса Отабек Шукуров узатмасидан кейин яна бир ҳужумни якунлай олмади.
Қўшимча вақтда учрашувнинг якуний ҳисобини Хаминтон Кампас белгилади — 3:1, Колумбия терма жамоаси фойдасига.
Навбатдаги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга қарши майдонга тушади. Гуруҳнинг бошқа учрашувида Португалия КонгоДР билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.



