Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон 10 миллиард доллар миқдорида суверен исломий облигациялар — “сукук” чиқариш орқали маблағ жалб қилинишини, жорий йил давомида давлат мулкини 6 миллиард доллар ҳажмида хусусийлаштиришни режалаштирганини маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президент таъкидлашича, сукук дастури инвестиция оқимларини диверсификация қилиш, яъни маблағ манбаларини кенгайтириш мақсадида жорий этилади.
«Булар корхоналаримизга келгусида камида 10 миллиард доллар қўшимча капитал олиб келиш учун катта туртки беради», — деб таъкидлади Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти томонидан билдирилган бу янги молиявий инструментлар капитал бозорини ривожлантириш бўйича умумий ислоҳотлар пакетига киритилган.
Президент ўз чиқишида “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун ҳамда “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш режалари ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда халқаро клиринг компаниялари фаолияти учун кенг имкониятлар очиш мўлжалланаётгани айтилди.
Ўзбекистон шу пайтга қадар халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан ортиқ облигациялар жойлаштиргани қайд этилди. Шунингдек, миллий валютадаги корпоратив еврооблигациялар ҳам муомалага чиқарилган.
Шавкат Мирзиёев Тошкент ва Лондон фонд биржаларига “Миллий инвестиция фонди”нинг 30 фоиз акциялари чиқарилганини маълум қилди. Ушбу фонд 13 та стратегик корхона активларига эгалик қилади. Президентнинг таъкидлашича, бу сўнгги беш йил ичида Лондон фонд биржасида амалга оширилган энг йирик биринчи оммавий акция чиқариш (IPO) бўлган.
У яна бир қатор йирик компаниялар IPOга тайёрланаётганини қўшимча қилди.
Шавкат Мирзиёев шунингдек жорий йилда кенг кўламли хусусийлаштириш ўтказилишини эълон қилди. Унга кўра, умумий қиймати 6 миллиард доллар бўлган кўчмас мулк объектлари, давлат улушлари ва ер участкалари аукционга чиқарилади. Президент маҳаллий ва хорижий инвесторларни ушбу янги имкониятлардан кенг фойдаланишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни юқори технологияли соҳаларга ҳам инвестиция киритишга чақирди.
Президент машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ва фармацевтика каби “драйвер” соҳаларда жами 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва инвесторларни тоғ-кон саноатига ҳам сармоя киритишга чақирди. У геология-қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида имкониятлар кенгайтирилаётганини таъкидлади.
Бу мақсадда очиқ рақамли геологик маълумотлар базаси яратилаётгани, шунингдек аукционга чиқариладиган конлар сони 4 баробар оширилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилаётган “Келажак металлари” технопаркларига ҳам инвестиция киритиш таклиф этилди. Унда “қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида ишлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, “яшил” энергетика соҳаси ҳам устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Инвесторлар қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда “яшил” энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар қурилишида иштирок этишга чақирилди.
Шавкат Мирзиёев инвесторларни сунъий интеллект (СИ) соҳасига ҳам сармоя киритишга чақирди. У Қорақалпоғистонда ИИ лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилганини эслатди. Ушбу ҳудудда инвесторлар 2040 йилгача барча турдаги солиқлар ва божлардан озод этилади. Шунингдек, электр энергияси тарифи 1 кВт·соат учун 5 цент этиб белгиланади. Бундан ташқари, мамлакатда Халқаро рақамли технологиялар маркази ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Президент шунингдек, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида инфратузилма лойиҳаларига 27 миллиард доллар ҳажмида инвестициялар жалб қилиш имкониятлари ҳақида ҳам тўхталди. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли соҳалари ҳам инвесторлар учун очиқ экани таъкидланди.
Нутқ якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун инвестициялар фақат иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, билимлар ва тажрибани жалб қилиш воситаси эканини таъкидлади.
«Ҳар қандай буюк орзу ва ниятни ҳаётга тўла татбиқ этишда асосий ҳамкор, ҳеч шубҳасиз, эзгу ниятли инвесторлар, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, диёримизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқ. Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз», — деди Мирзиёев.



