Қирғизистон президенти IT- компаниялар ва блогерларни солиқдан озод қилди

banks.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, IT соҳасидаги компаниялар, блогерлар ҳамда айрим креатив фаолият вакиллари беш йил муддатга кўплаб солиқ турларини тўлашдан озод этилади. Ҳужжат давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди.

Фармонга кўра, имтиёз даромад солиғига тўлиқ татбиқ этилмайди. Бироқ бу ҳолатда ҳам енгиллик назарда тутилган. Ижодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромад солиғини амалдаги 10 фоиз ўрнига 5 фоиз ставка бўйича тўлайди.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидаги йўналишларда фаолият юритувчи субъектлар имтиёзлардан фойдаланади:

✅ ноёб технологияларга асосланган стартаплар;

✅ дастурий таъминот ва ахборот тизимларини, жумладан сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқувчи компаниялар;

✅ интернетда омма учун очиқ бўлган матнли, график, аудио ва видеоматериалларни яратиш, жойлаштириш ва тарқатиш билан шуғулланувчилар (блогерлар фаолияти);

✅ бизнес жараёнларини масофавий аутсорсинг асосида амалга оширувчи компаниялар;

✅ кинофильмлар, видео ва телевидение дастурларини ишлаб чиқарувчилар;

✅ Қирғизистон ҳукумати белгилайдиган бошқа креатив ва ижодий фаолият турлари.

Шу билан бирга, мазкур тоифадаги тадбиркорлар учун давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурта бадаллари ставкаси ўртача ойлик иш ҳақининг 12 фоизи миқдорида белгиланади.

Бундан ташқари, Жапаров бошқа айрим бизнес турлари учун ягона солиқнинг қатъий ставкаларини ҳам тасдиқлади. Шундай қилиб, Бишкек ва Ўш шаҳарларидаги сауна, ҳаммом ва умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ ставкаси 5 фоиз қилиб белгиланди, республиканинг бошқа ҳудудларидаги кафе ва ресторанлар учун эса мазкур ставка 3 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун, мазкур ўзгаришларгача умумий овқатланиш соҳаси Бишкек ва Ўш шаҳарларида 1 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида эса 0,5 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўлаб келган.

Шунингдек, ягона солиқ асосида соддалаштирилган солиқ тизимидан фойдаланувчи солиқ тўловчиларга ихтиёрий равишда умумий солиқ режимига ўтиш ҳуқуқи берилди. Бунинг учун тегишли ҳужжатлар 2026 йил 1 октябрга қадар давлат органларига тақдим этилиши лозим.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги можаролар оқибатида жабрланган Боткен вилояти аҳолиси учун давлат маблағлари ҳисобидан қурилаётган уй-жойларни барпо этаётган қурилиш компанияларининг солиқ қарзлари ҳисобдан чиқарилади.

Бироқ, республика раҳбари олтин ва кумуш қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи тоғ-кон корхоналари учун даромад солиғи ставкаларини оширишга қарор қилди. Солиқ юкининг ошиши қимматбаҳо металларнинг халқаро товар биржаларидаги нархларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Шунингдек, Жапаров фармони билан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар — Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия ҳудудидан Қирғизистонга ноқонуний олиб кирилган товарлар учун табақалаштирилган жарималар жорий этилди. Бунда жарима миқдори контрабанда маҳсулотининг қийматига қараб белгиланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ