Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида «Жоҳилликка қарши маърифат» деб номланган кўргазма очилди. Марказ матбуот хизматининг хабар беришича, кўргазма ёшлар орасида билим ва китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилган.
Кўргазмада иштирокчилар орасида мактаб ўқувчилари ва ёшлар, жумладан, Ал-Хоразмий номидаги математика ва информатика бўйича халқаро олимпиадада иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган 15 дан ортиқ мамлакатдан 250 дан ортиқ ўқувчилар бор эди.
Меҳмонлар Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг илмий ва таълим лойиҳалари, экспонатлари ва Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросига бағишланган материаллари билан танишдилар.
Иштирокчиларга шунингдек, Ислом цивилизацияси тарихи, маданий мероси, диний бағрикенглик, фан, таълим ва маънавий-маърифий мавзуларга бағишланган юзлаб нашрлар тақдим этилди. Китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшларнинг билимга қизиқишини рағбатлантириш ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь, Мўғулистон, Туркия ва Малайзиядан келган талабалар Марказнинг замонавий кутубхонаси, жумладан, китоб коллекцияси, электрон ресурслар, рақамли маълумотлар базалари ва тадқиқот муассасалари билан таништирилди
Марказ кутубхонаси директори Равшан Қодировнинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар ёшларни китобларга қизиқтиради, уларнинг билим ва интеллектуал ривожланишишига ижобий таъсир кўрсатади.
«Кўргазма давомида иштирокчилар кутубхонамизнинг кенг китоб коллекцияси, замонавий техник имкониятлари ва электрон ресурслари билан таништирилди. Уларга давлат раҳбари ташаббуси билан ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Кўпчилик кутубхонадан фойдаданиш ва Марказга яна ташриф буюриш истагини билдирди. Биз бундай таълим тадбирларини мунтазам равишда ўтказишни давом эттириш ниятидамиз», — деди Қодиров.
Хорижлик меҳмонлар ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Малайзиялик иштирокчи Эсен бин Дафис Мади Ислом цивилизацияси марказига ташрифини ёрқин ва унутилмас воқеа деб атади.
«Мусулмон сифатида мен, айниқса, динимиз тарихи ва унинг бой мероси ҳақида билишга қизиқдим. Бу мажмуа чиндан ҳам таъсирчан. Кўргазмалар бизга тарих, маданият ва цивилизация ҳақида кўп нарсалардан сабоқ берди. Марказ кутубхонаси мен кўрган энг замонавий кутубхоналардан биридир. Менда, айниқса, рақамли технологиялар ва электрон ресурслар катта таассурот қолдирди», — деди Мади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



