Москва-Душанбе тўғридан-тўғри поезди олти йиллик танаффусдан сўнг июнь ойида қатновни қайта тиклайди. Бу ҳақда Россия темир йўллари (РТЙ) матбуот хизмати хабар берди.
Икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги темир йўл қатнови Тожикистон илтимоси ва Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон билан келишувга биноан қайта тикланади.
«Роҳи Оҳани Точикистон» (Тожикистон темир йўллари) давлат унитар корхонаси томонидан бошқариладиган 423/424-сонли поезд ҳар икки ҳафтада бир марта қатнайди. Йўл вақти тахминан тўрт кун.
Поезд Душанбедан 21 июндан бошлаб якшанба кунлари соат 3:25 да (маҳаллий вақт) жўнаб кетади ва чоршанба кунлари соат 22:08 да Москванинг Павелецкий станциясига етиб келади. Поезд 25 июндан бошлаб пайшанба кунлари соат 6:05 да Москвадан жўнаб кетади ва душанба кунлари соат 2:48 да (маҳаллий вақт) Душанбега етиб келади.
Поезднинг йўналиши Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россияни қамраб олади. Йўловчиларни поезддан тушириш ва унга олиш ишлари Бухоро, Нукус, Қўнғирот, Қандягаш, Ақтўбе, Илецк, Оренбург, Самара, Сизран, Пенза, Ряжск ва бошқа шаҳар вокзалларида амалга оширилади.
Душанбедан чипталарни сотиб олиш мумкин ва тез орада Москвадан чипталар савдоси бошланади.
Россия темир йўллари йўловчиларга Душанбе ва Москва ўртасидаги тўғридан-тўғри йўловчи темир йўл қатнови COVID-19 туфайли 2020 йил март ойида тўхтатилганини эслатди. Ҳозирда Россия ва Тожикистон ўртасида «Роҳи Оҳани Точикистон» давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилган учта поезд қатнови амалга оширилмоқда: Кўлоб-Волжский, Душанбе-Волжский ва Хўжанд-Волжский.



