Қозоғистоннинг Тенгиз конида «носозлик» ёки «авария» юз берган: нефть қазиб олиш камайган

gov.kz фотосурати

Россиянинг «Коммерсантъ» нашри бугун Reuters агентлигига таяниб хабар беришича, 26 май куни Қозоғистоннинг Тенгиз конида навбатдаги авария юз берган. Ҳодиса нефть қазиб олишнинг кескин пасайишига олиб келган: аввалги 125 000 тонна ўрнига, кон ҳозирда атиги 5000 дан 10 000 тоннагача нефть қазиб олмоқда.

Соҳа манбаларининг ҳисоб-китобларига кўра, ишлаб чиқаришни тиклаш учун тахминан бир ҳафта керак бўлади. Авария, шунингдек, Қозоғистоннинг асосий экспорт йўналиши бўлган Каспий қувур консорциуми (ҚҚК) орқали нефть етказиб беришнинг камайишига олиб келган.

Қозоғистон нашрлари ҳам ишлаб чиқариш 90% га камайганини хабар қилишди. Шу билан бирга, кон оператори «Тенгизшевройл» матбуот хизмати 28 май куни объектлардан бирида «кичик операцион носозлик» юз берганини хабар қилди.

Бу Тенгиз учун 2026 йилда содир бўлган учинчи жиддий ҳодиса. 18 январь куни кондаги ГТЭС-4 электр станциясидаги трансформаторлар ёнғинга учради ва ишлаб чиқариш деярли бир ойга тўхтатилди. 11 март куни яна бир ҳодиса содир юз берди — каустик нейтраллаш қурилмасида ёнғин, гарчи ишлаб чиқариш сақланиб қолган бўлса ҳам.

2026 йил биринчи чораги натижаларига кўра, Тенгиздаги ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60% га камайган ва Қозоғистон бюджетига етказилган зарар тахминан 900 миллион долларга баҳоланмоқда.

Тенгиз «Тенгизшевройл» консорциуми томонидан бошқарилади, унда аксарият улушлар Американинг Chevron (50%) ва ExxonMobil (25%), шунингдек, Қозоғистоннинг «КазМунайГаз» (20%) компанияларига тегишли.