Туркманистон Хитойга Афғонистон билан чегарада трасса ва логистика маркази қуришни таклиф қилди

Фото: Turkmenportal

Туркманистоннинг «Оджар Азия» компанияси хитойлик ҳамкорларга Сарахс — Мари — Серхетобод тезюрар автомагистрали ва Афғонистоннинг Турғунди шаҳрида логистика мажмуасини қуриш лойиҳаларини тақдим этди. Тақдимот 6–7 ноябрь кунлари Шанхайда бўлиб ўтган Туркманистон — Хитой бизнес-форумида бўлиб ўтди, деб хабар беради Turkmenportal.

Автомагистраль Эрон билан чегарадаги Сарахс, Мари шаҳри ҳамда Афғонистон яқинида жойлашган Серхетободни боғлаши керак. Иккинчи лойиҳа эса Туркманистон ва Афғонистон ўртасида темир йўл қатнови амалга ошириладиган Турғунди қуруқлик портида омборхона ҳамда логистика мажмуасини барпо этишни назарда тутади.

Бундан ташқари, компания Серхетободда меҳмонхона-логистика мажмуаси, ун комбинати ва элеватор, шунингдек, Мари вилоятида иссиқхона хўжалиги ҳамда кўп тармоқли чорвачилик мажмуасини қуриш режаларини тақдим қилди.

Форум доирасида «Оджар Азия» хитойлик ҳамкорлар билан тўртта ўзаро англашув меморандумини имзолади. Улардан бири Link Global International Logistics билан тузилган бўлиб, халқаро юк ташиш ва транспорт-логистика хизматлари соҳасида ҳамкорлик қилишни кўзда тутади. Қолган ҳужжатлар сунъий интеллект ва интеллектуал тизимларни жорий этиш, савдо-инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришга тааллуқлидир.

Форум якунлари бўйича жами туркман ва хитой компаниялари 12 та меморандум имзолади. Музокараларда Хитой Халқ Республикасидан 350 дан ортиқ ишбилармон ва Марказий Осиё республикасидан 120 дан зиёд вакил иштирок этди. Тадбир ташкилотчилари сифатида Туркманистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «Оджар Азия» компаниялар гуруҳи таркибига кирувчи TMT Consulting Group иштирок этди. Форум тўққизинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси (CIIE 2026) доирасида ўтказилди.

Турғунди — Афғонистоннинг Туркманистон билан темир йўл қатнови бўйича асосий пунктларидан бири. 2024 йил сентябрида томонлар Ҳиротгача борадиган бўлажак темир йўлнинг бир қисми бўлиши кутилаётган Турғунди — Санабар участкаси қурилиши бошланганини эълон қилган эди. Бир вақтнинг ўзида чегара станциясида омбор инфратузилмасини барпо этишга ҳам киришилган.

2025 йил июлида Туркманистон ва Афғонистон Турғунди қуруқлик портини ривожлантиришга қаратилган 5 миллион доллар миқдоридаги инвестиция тўғрисида келишув имзолади. Лойиҳа янги омборлар ҳамда юк ортиш-тушириш иншоотларини қуришни назарда тутади. Молиялаштиришни Туркманистон томони таъминлаши керак бўлиб, у кейинчалик харажатларни объектлардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар ҳисобидан қоплаб олади.

Транспорт коридорини ривожлантиришдан Қозоғистон ҳам манфаатдор. 2025 йил апрелида Остона ва Кобул Турғунди — Ҳирот — Қандаҳор — Спин-Болдак темир йўли қурилиши бўйича ният протоколини имзолади. Маршрут Марказий Осиёни Покистон билан боғлаши ва Ҳинд океани портларига чиқиш учун қўшимча йўл очиши лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ