23 январь куни соат 10:00 да Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси қурилишининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Давлат экология эскпертизаси маркази сайтида хабар берилди.
Расмийларнинг сўзларига кўра, туристик зона Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғида қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа бир қатор туристик инфратузилма обектларини ўз ичига олади.
Жамоатчилик эшитуви давомида қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
✅ режалаштириш ва қурилиш ечимлари;
✅ атмосфера, сув ва тупроққа бўладиган таъсир;
✅ чиқиндиларни бошқариш масаласи;
✅ яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш;
✅ экологик хавфсизлик чоралари ва мониторинг масалаларини муҳокамаси.
Йиғилишда лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар эшитилиши кутилмоқда. Бироқ, уларни кейинчалик туман маъмуриятига ёзма равишда юбориш орқали тақдим этиш ҳам мумкин.
Ўтган йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати Sea Breeze Uzbekistan барча мавсум учун дам олиш маскани лойиҳасини ишга тушириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди. Тегишли ҳукумат қарорида инвесторлар учун асосий шартлар сифатида экологик хавфсизлик ва экологик стандартларга риоя қилиш белгиланган.
Дам олиш маскани Agalarov Development компанияси (Озарбайжон) иштирокида 577 гектар майдонда қурилади. Умумий инвестиция 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бош режани ишлаб чиқиш учун Британиянинг Scott Brownrigg архитектура фирмаси жалб қилинган. Мажмуа дам олиш масканлари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар-жой мажмуалари, дўконлар, ресторанлар, мактаблар ва бошқаларни ўз ичига олади.
Лойиҳа ўзбек жамоатчилиги ва экологлар орасида хавотирларни уйғотди, улар дам олиш масканининг Тошкент учун асосий ичимлик суви манбаи бўлган Чорвоқ сув омбори экотизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига ишора қилмоқдалар.
ℹ️ 2006 йили Агаларов Каспий денгизи бўйида, Боку яқинида шунга ўхшаш дам олиш масканини қурган. Шуни таъкидлаш лозим, озарбайжонлик нафақат бизнесмен, балки қўшиқчи ҳамдир. У Agalarov Development компанияси президенти, ЖАРА Music Awards ва Dream Fest халқаро мусиқа фестивалининг асосчиси ҳисобланади.



