Эронда давом этаётган оммавий намойишлар фонида интернет ўчирилди

теҳрон кўчаларидаги намойишчилар. BBC фотосурати

Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ва кўча ҳаракатлари давом этмоқда. Улар мамлакатнинг деярли барча вилоятларини, жумладан Теҳрон, Исфаҳон, Машҳад ва Кирмоншоҳ каби йирик шаҳарларни қамраб олган.

HRANA ва Iran Human Rights каби инсон ҳуқуқлари гуруҳлари хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ, ўқ-дорилар ишлатаётгани ва улар билан тўқнашувларда айрим ҳисоб-китобларга кўра 36 дан 45 нафар одам, жумладан болалар ўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Расмийлар намойишчиларни хорижий кучлар, биринчи навбатда, АҚШ ва Исроил билан алоқадаликда айблаб, тартибсизликларга қаттиқ жавоб беришни ваъда қилмоқда.

8 январь куни NetBlocks ва Cloudflare мониторинг хизматлари томонидан Эронда интернет бутун мамлакат бўйлаб деярли тўлиқ ўчирилгани қайд этилган. Маҳаллий вақт билан кечки пайт, қўшимча акцияга чақириқлардан кўп ўтмай, трафик деярли нолга тушган.

Бу Эрон ҳукумати томонидан намойишчиларнинг мувофиқлаштириш ҳаракати ва ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалишини олдини олиш учун азалдан қўлланилаётган стандарт чорадир.

Натижада, мамлакатдаги янгиликлар, асосан, сунъий йўлдош каналлари ёки диаспора орқали янада кечикиб тарқатилади ва бу ҳолат мавжуд вазиятни баҳолашни қийинлаштиради.

Ўн икки кундан бери давом этиб келаётган норозилик намойишлари одамларнинг ҳукуматга бўлган ишончи дарс кетганини кўрсатади ва кейинчалик вазият қандай тус олишини олдиндан айтиб бўлмайди.