Сурхондарёдаги қазилма бойликлар 600 миллиард долларга баҳоланади

Сурхондарё вилоятига кириш жойи. Видеодан кадр

Сурхондарёдаги қазилма бойликлар 600 миллиард долларга баҳоланади, бироқ бугунги кунда бу салоҳиятнинг ҳатто 10 фоизи ҳам ишга солинмаган. 24 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган йиғилишда ушбу маълумотлар тилга олинди.

Йиғилишда Сурхондарёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига эътибор қаратилди. Президент бой табиий ресурслари ва ривожланган инфратузилмасига қарамай, минтақа мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан сезиларли даражада орқада қолаётганини таъкидлади. Сурхондарёда саноат ишлаб чиқариш Сирдарё вилоятига қараганда 1,5 баравар паст. У Жиззах вилоятидан 1,8 баравар, Хоразм вилоятидан эса икки баравар орқада.

Мева-сабзавот экспорти ҳам Самарқанд, Тошкент вилояти, Фарғона ва Хоразм кўрсаткичларидан паст. Шу муносабат билан вилоятни инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт суръатлари энг тез ўсадиган ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.

Мавжуд вазиятни ўзгартириш учун келгуси йилда вилоятда аниқланган 114 та қазилма конлари захираси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш, ушбу конларда 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳани бошлаш, шундан 2 миллиард долларлик қисмини ишга тушириш режалари белгиланди.

Шунингдек, драйвер лойиҳалар инфратузилмасига 175 миллиард сўм (14,5 миллион доллар) ажратилади, бунинг ҳисобига 1 триллион 200 миллиард сўмлик (100 миллион доллар) 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 9 мингта иш ўрни барпо этилади.

Яратилган шарт-шароитлар ва берилган имтиёзлар ҳисобига сўнгги саккиз йилда вилоятга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, 4 мингта саноат корхонаси ишга туширилган. Саноат ҳажми икки баробарга ошиб, жорий йилда 17,2 триллион сўмга (1,4 миллиард доллар) етиши кутилмоқда. Ҳукумат камбағаллик даражаси 9,3% дан 5,6% гача пасайишини башорат қилмоқда, бу эса 126 000 оила камбағалликдан чиққанини англатади.

Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. «Тўпаланг» сув омборидан қувур тортиш орқали Шеробод, Бойсун, Бандихон, Музработ, Олтинсой, Ангор, Жарқўрғон ва Денов туманларида яшовчи 2 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоси тўлиқ ҳал этилди.

Вилоятнинг туризм соҳаси танқид остига олинди. Вилоятда атиги 47 та меҳмонхона фаолият юритаётгани, 4 ва 5 юлдузли ёки бренд меҳмонхоналар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Бойсун, Сангардак ва Омонхона каби юқори туристик салоҳиятга эга ҳудудлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, янги туризм йўналишлари ва объектларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш номутаносиблиги мавжуд. Ҳозирда мева-сабзавотларнинг 60% Денов, Шеробод, Қумқўрғон ва бошқа бир қатор туманларда етиштирилади. Давлат раҳбари Ангор, Қизириқ, Термиз, Узун ҳамда ихтисослашган бошқа туманларда ҳам экспортни кўпайтириш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйди.

Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Давлат раҳбари ҳудудда йўлларни таъмирлаш, уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ