Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Иқтисод олий мактаби талабаларининг маъмурий депортация ва катта миқдордаги жарималарни четлаб ўтишига ёрдам берди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Муаммо октябрь ойида РФ Омбудсмани Татьяна Москалькова билан ҳамкорликда фуқаролар учун ўтказилган сайёр қабул пайтида аниқланди. Тадбир Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида уюштирилди. Унда Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси, рухсатномалар ва визалар департаменти вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида Россия Федерациясида жойлашган «Иқтисод олий мактаби» миллий тадқиқот университетида (НИУ ВШЭ) таҳсил олаётган 31 нафар ўзбекистонлик талабанинг мурожаати қабул қилинди.
Маълум бўлишича, университет маъмурияти томонидан талабаларнинг миграция ҳисобига туриш узайтирилиши қоидалари тўғрисида ваколатли органларга ўз вақтида маълумот берилмаган. Оқибатда талабалар Россия Федерацияси ҳудудида 90 кундан ортиқ қолиб кетган ва миграция қоидалари бузилган деб баҳоланиб, талабаларнинг хабарига кўра, 40 минг рубль миқдорида жарима маъмурий жазоси тўлаши талаб қилинган.
Татьяна Москалькова ушбу ҳолатни ўз назоратига олди ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати билан ҳамкорликда текширув ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, чет эллик талабаларнинг вақтинча туриш муддатларини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларига ушбу талабаларга нисбатан жарима солиш ёки Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий чиқариб юбориш каби маъмурий жазо чораларини истисно тариқасида қўлламаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Агар мазкур масала тезда ҳал қилинмаганида, талабалар Россиядан депортация қилиниши мумкин эди, деб ёзади Омбудсман матбуот хизмати.
Кўрилган чоралар нафақат Ўзбекистон талабаларининг, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова, Беларусь давлатларидан келиб таьлим олаётган 200 дан ортиқ талабаларнинг ҳам муаммолари ижобий ҳал этди.



