Бухоро вилоятида юз берган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди

ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Бухоро вилоятидаги ишлаб чиқариш объектида содир бўлган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот хизмати.

Ҳодиса 6 декабрь куни соат 9:40 да Когон туманининг «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган SHAMS LTD корхонасида содир бўлган. Ҳодиса пайтида объектда ўттиз ишчи бўлган. Портлашдан сўнг бинода ёнғин бошланган.

Воқеа жойига еттита ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган. Ёнғин соат 10:27 да тўлиқ ўчирилган. Объектда ҳалок бўлган тўрт ходимнинг жасади топилган. Яна тўрт ишчи енгил жароҳатлар олган, улардан иккитаси касалхонага ётқизилган.

Ўзбекистон президенти кўрсатмасига биноан ҳодисани текшириш учун ҳукумат комиссияси тузилган. Унга Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов раҳбарлик қилмоқда. Комиссияга жабрланганлар ва уларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва портлаш оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чораларни кўриш вазифаси юклатилган.

ФВВ маълумотларига кўра, SHAMS LTD 2019 йилдан бери фаолият юритиб келади ва тоғ-кон саноати корхоналарига портловчи моддаларини етказиб беришга ихтисослашган. Завод маҳсулотлари янги конларни ўзлаштиришда қўлланилади. Компания Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидаги кончилик компаниялари эҳтиёжини қондиради.

Аввалроқ, 2 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги кафеда содир бўлган газ баллони портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ