Ўзбекистонда бир ой ичида қарийб 100 миллиард сўмлик газ ва электр энергияси ўғирланган

»Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати фотосурати

Жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзэнергоинспекция») ходимлари ресурсларни ўғирлаш ҳолатларини аниқладилар, натижада давлатга 99 миллиард сўмдан (8,2 миллион доллар) ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди. Назорат идораси бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

«Ўзэнергоинспекция»нинг аниқлик киритишича, ҳисобот даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иштирокида ўтказилган текширувлар давомида мутахассислар истеъмолчилар томонидан энергиядан ноқонуний фойдаланишнинг 192 та ҳолатини қайд этишган.

Бир ой давомида қарийб 64 миллиард сўмлик (5,3 миллион доллар) 22,3 миллион кВт/соат электр энергияси ва 35 миллиард сўмлик (2,9 миллион доллар) 11,4 миллион кубометр табиий газ ўғирлангани аниқланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ноқонуний ҳаракатларидан етказилган зарар 99,015 миллиард сўмни (8,2 миллион доллар) ташкил этган.

Шу муносабат билан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун 479 та маъмурий иш қўзғатилган. Тегишли материаллар қоидабузарларга нисбатан қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган, деб хабар беради «Ўзэнергоинспекция».

2023 йили Ўзбекистон энергия таъминотини бошқариш тизими икки йил давомида фавқулодда режимга ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Бу қарор ўғирликнинг юқори даражаси ва тизимли назоратнинг йўқлиги билан изоҳланган.

Жорий йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев «Ўзэнергоинспекция»га тадбиркорлик субъектларини узлуксиз текширувдан ўтказишга рухсат берувчи фармон чиқарди.

Ташкилотга нафақат электр энергияси ва табиий газнинг исрофгарчилик, ноқонуний ва самарасиз ишлатилишини аниқлаш, балки сотилаётган ёқилғи-энергетика ресурсларининг сифатини кузатиш ваколати ҳам берилган.