Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжат 2025-26 йилларга мўлжалланган бўлиб, 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини ўз ичига олади, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашувда гиёҳвандликка асосланган жиноятчилик глобал муаммога айланиб бораётгани таъкидланди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган, унинг оқибатида йилига 300 мингга яқин одам вафот этяпти.
Бу масала Ўзбекистонда ҳам долзарбдир. Йил бошидан бери 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди. Ҳар йили гиёҳванд моддаларнинг янги турлари ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этиш усуллари пайдо бўлмоқда.
Жумладан, кейинги пайтларда истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгалламоқда, уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бермоқда, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда, наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.
«Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди», — деди Мирзиёев.
Тегишли идоралар вакиллари давлат раҳбарига ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосини бартараф этиш бўйича таклифларни, шунингдек, аҳолини ушбу таҳдиддан самарали ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни тақдим этдилар.
Муаммони янада қаттиқроқ жиноят-ҳуқуқий механизмларни қўллаш, ёшларга нисбатан содир этилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазоларни кучайтириш ва онлайн тарқатувчилар, уюшган тўдалар, лабораториялар ва уларга ҳимоя кўрсатадиган мансабдор шахсларни аниқлаш учун кенг кўламли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини ташкил этиш орқали бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалий ҳаракатларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда шунингдек, тизимни тубдан такомиллаштириш режалари маълум қилинди.
	
			
			
			
			
			
			


