Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилини ривожлантириш ва тарғиб қилишга қаратилган қарорни тасдиқлади. Ҳужжат 20 октябрь, Давлат тили куни арафасида имзоланди.
Қарорда давлат тилини ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида тўлиқ қўллаш, ўзбек тилини ўқитишни такомиллаштириш, замонавий ахборот технологияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2025–2026 йиллари ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш Дастури тасдиқланди. 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва республика хўжалик бирлашмалари, шунингдек, вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш муҳим чора-тадбирлардан бири бўлади.
2026 йилдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлодини яратади. Мактабгача таълим муассасалари ўқитувчилари учун ўқув қўлланмалари, болалар учун эса «Менинг биринчи изоҳли луғатчам» расмли луғат китоби яратилади. Болаларга ўзбек тилини ўргатиш учун замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотларни чиқариш режалаштирилган.
Фанлар академиясига 2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли «Ўзбекистон миллий қомуси»ни электрон шаклда тайёрлаш, 2026 йил 1 декабрга қадар «Она тили. Қомус» китобининг нашрга тайёрлаш ва чоп этиш топширилди.
Қарорда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш платформасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. 2025 йил 1 декабрга қадар янги қабул қилинаётган атамалар бўйича жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни қайд этиб борувчи, тасдиқланган янги сўз ва атамаларни ўзида акс эттирадиган электрон реестрни юритувчи, ўзбек тилида чоп этилган соҳавий, изоҳли ва имло луғатларини ўзида жамлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган электрон платформани яратиш бўйича илмий лойиҳага танлов эълон қилинади.
Ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш мақсадида ҳар йили октябрь ойида халқаро илмий-амалий конференция, халқаро талабалар ўртасида миллий олимпиада, «Ўзбек тили – қалбим таржимони» танлови ўтказилади. Тилни ривожлантиришга қаратилган энг яхши асарларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Жонажон ўзбек тилим» танлови ташкил этилади ва ҳар йили умуммиллий диктант ўтказилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Ватандошлар» жамоат фонди билан биргаликда ҳар йили Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиaдасини ўтказиб боради. Бунда олимпиaда ғолибларини республика олий таълим муассасаларининг «филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилади. Ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган хорижлик талабалар Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бепул курсларда қатнашишлари мумкин бўлади.
2026 йили миллий маданият марказлари вакиллари учун ўзбек тили курсларини кенгайтириш режалаштирилган. Ўзбекистон ҳукумати «Ватандошлар» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хориждаги диаспора ташкилотлари ҳузурида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди. Ёшлар масалалари агентлигига уч ой муддатда «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўзбек тилини ўқитиш бўйича алоҳида модулни ишга тушириш вазифаси юклатилди (ХХ аср бошида яшаган Исҳоқхон Ибрат шоир, педагог, таржимон, полиглот бўлган).