Жанубий Корея корпорацияси «Урганч» халқаро аэропортини бошқариш ҳуқуқини расман қўлга киритди

Uzbekistan Airports матбуот хизмати фотосурати

Жанубий Кореянинг Incheon корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматидан «Урганч» халқаро аэропортини бошқариш ҳуқуқини расман қўлга киритди. Тегишли келишув 15 октябрь куни Тошкентда имзоланди, деб хабар беради Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Ҳужжатни Марказий Осиё республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирокида Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев, Incheon Corporation президенти Ли Хаг Же (Lee Hag-jae) ва «Урганч» аэропорти директори Ойбек Маткаримов имзолади.

Давлат-хусусий шериклик шартномаси аэропортни модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширишни ҳам қамраб олади. Хорижий инвестор йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқаришни, шу жумладан ерга хизмат кўрсатишни таъминлайди. Бундан ташқари, Жанубий Корея компанияси аэродром мажмуасини, жумладан, учиш-қўниш йўлаги ва перронни қуради.

Умархўжаев таъкидлаганидек, бу ҳамкорлик Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмасини ривожлантиришда янги саҳифа очади.

«Жанубий кореялик ҳамкасбларимизнинг дунёнинг энг яхши аэропортларидан бирини бошқариш бўйича тажрибаси илғор технологияларни жорий этиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш учун замин яратади», —деди Uzbekistan Airports бшқаруви раиси.

Ўзбекистон компанияси матбуот хизматининг эслатишича, ўтган йилнинг август ойида «Қурилиш, бошқариш ва топшириш» (built — operate — transfer) модели асосида «Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш» бўйича тендер эълон қилинган эди.

Жорий йилнинг апрель ойида тендернинг барча босқичлари якунланди ва Жанубий Кореянинг Incheon корпорацияси ғолиб деб топилди. Дарвоқе, ушбу компания Шимолий-Шарқий Осиёдаги энг йирик транспорт марказларидан бири бўлган Сеулдаги «Инчхон» халқаро аэропортини бошқаради. Ушбу аэропорт бир неча бор дунёдаги энг ривожланган ва гавжум аэропортлар ўнталигидан жой олган. Масалан, 2024 йили у 80 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган.

Шу йилнинг май ойида «Урганч» аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси 223 миллион долларга тушиши хабар қилинган эди. Incheon раҳбарияти маълумотларига кўра, 2027 йилда якунланиши режалаштирилган реконструкциядан сўнг аэропортнинг йўловчиларга хизмат қўрсатиш қобилияти уч баравардан ошиб, соатига 1300 йўловчини ташкил этади. Шунингдек, у Boeing 747 ва Airbus A350 каби лайнерларни қабул қила олади.