РФА Шарқшунослик институти директори: «Ислом Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги «ришта»дир»

Аликбер Аликберов. ИЦМ марбуот хизмати фотосурати

Россия Фанлар академияси (РФА) Шарқшунослик институти директори Аликбер Аликберов Тошкентда бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси маркази халқаро кенгаши форуми доирасида журналистлар саволларига жавоб бераркан, Россия ва Ўзбекистон мусулмонлари ўртасидаги диний алоқалар ҳақида гапириб ўтди.

Исломни Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги «ришта» деб аташ мумкинми?

— Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасида кўплаб алоқа нуқталари мавжуд: маданий, тарихий ва сиёсий. Бизларни нафақат совет даври боғлайди: жамиятда ҳиссий ва қадрланадиган узоқ умумий тарих мавжуд. Ислом муҳим «ришта»лардан биридир. Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (Шош) асрлар давомида мусулмонлар илми марказлари бўлган; Совет даврида Ўзбекистон ислом таълимининг асосий маркази бўлиб қолганди. Айнан шу заминда ислом анъаналарининг ўзагини ташкил этувчи таълимот ва уламолар пайдо бўлган: Қуръондан кейинги муҳим манба бўлмиш саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муаллифи — Имом Бухорий, ва самарқандлик мутафаккир Абу Мансур Мотуридий асосий диний мактаблардан бирига асос солган.

Бугун Ўзбекистон россиялик мусулмонларини нимаси билан жалб қилмоқда?

— Россиядаги мусулмонларнинг аксарияти ҳанафийлар бўлиб, уларнинг диний асослари тўғридан-тўғри Мотуридий мероси билан боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистон, шунингдек зиёратгоҳ марказига айланган: бу ерда Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси жойлашган бўлиб, Россиядан зиёратчилар ташриф буюришади. Бу республиканинг муҳим роли ҳисобланади ва унинг амалга оширилаётгани қувонарли.

Амалий жиҳатни қўшимча қиламан: Россия ҳозирда ўзининг ислом дини мактабларини тикламоқда ва бу ерда Ўзбекистоннинг ҳиссаси катта. Сизнинг тажрибангиз бўлмаганда, биз учун ишлаш анча қийин бўларди, зеро тарихан Россиядаги ислом Ўзбекистондаги ислом билан чамбарчас боғлиқ. Бу ҳаммага маълум: XVIII асрда Екатерина II Оренбург мусулмонлари маънавият ассамблеясини (муфтийлик прототипи) ташкил қилганида, Самарқанд ва Бухородан олимлар жалб қилинган. Архивларда биз араб тилидаги муқаддас матнлар — Қуръон ва ҳадисларни кўрамиз; муҳим ёзишмалар форс тилида олиб борилган; туркий тилдаги битиклар ҳам бор. Рус коллекцияларида араб, форс ва туркий тиллардаги қўлёзмаларнинг мавжудлиги кўп йиллик илмий ва маънавий алоқаларнинг бевосита натижасидир. Бизнинг евросиёлигимиз нафақат жуғрофик ва сиёсий, балки муҳим маънавий жиҳатга ҳам эга ва ислом ҳақиқатан ҳам уни боғлаб турувчи «ришта» бўлиб хизмат қилади.

Ислом цивилизацияси марказидаги Қуръон зали суралар сонига тўғри келадиган 114 та Қуръон нусхасини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?

— Рамзий маънода бу жуда кучли. Сизда жаҳон даражасидаги марварид — Қуръоннинг энг қадимги нусхаларидан бири бўлган Усмон Мусхафи бор. Халифа Усмон, маълумки, матннинг канонизациясини уюштирган: у Пайғамбаримиз С.А.В саҳиҳ сўзларини сақлаб қолиш учун калималарни таққослаб текшириш ва стандартлаштириш ишларини олимлар қўмитасига топширган. Усмон Мусхафи алоҳида манба бўлиб, «114» ғояси Ваҳий тузилмасига онгли ишорадир. Исломда рамзийликка катта эътибор берилади ва бу ерда у нозик ва ишончли ўрнини топган.

Залларнинг визуал ва илмий дизайни ҳам менга ёқди. Мисол учун, Абу Райҳон Беруний хонасида мен ой графикларини кўрдим — бу унинг астрономик ишларига аниқ ҳаволадир.

Баъзи жойларда мен «рисола-технология» алоқасини мустаҳкамлаган бўлардим: ўрта аср қўлёзмаси саҳифаси ёнига Pythonдаги замонавий машҳур алгоритм кодини жойлаштирган бўлардим.

Бу Ал-Хоразмий билан боғлиқ бўлган «алгоритм» сўзидан келиб чиққан ҳолда, бугунги рақамли асрнинг илдизи ана шу интеллектуал анъанага асосланганлигини яққол кўрсатади.

Сунъий интеллект ҳаёт тарзи ва ижтимоий ўзаро таъсир моделларини ўзгартирмоқда; янги даврга унинг классик математика ва Марказий Осиё астрономиясидаги ўрнини кўрсатган ҳолда кириб келиш — тўғри қадамдир.

Символизм ҳақида гапиряпсиз. «Ал-Хоразмий алгоритмлари» ва дейлик, Кисвани ёнма-ён қўйиш қанчалик ўринли? Илм ва дин ўртасида зиддиятлар борми?

— Тарихан Ғарбда бўлгани каби мусулмон цивилизациясида фан қарама-қаршиликда эмас, балки диний тафаккур билан мулоқотда ривожланган. Булар турли соҳалар, лекин улар доимо мулоқотда бўлган. Ал-Ғаззолий уларни айри қилмаган ҳолда илм соҳаларини эҳтиёткорлик билан ажратган. Инсон онги яшалган тажрибани акс эттиради: имонли киши учун руҳий дунёнинг ҳақиқати физика қонунлари ҳақиқати каби равшандир. Низо фанни динга қаттиқ қарши қўйганда ёки динни дунёвийлаштириш ёки сиёсийлаштиришга уринишлар содир бўлганда юзага келади. Бундай қарама-қаршилик бўлмаса ва тўғри талқин танланса, қарама-қаршиликлар пайдо бўлмайди. Ҳатто Дарвин назарияси атрофидаги замонавий мунозаралар ҳам кўплаб диний оқимлар томонидан илоҳий режанинг бир қисми сифатида тушунилади: Худонинг амрисиз ҳеч нарса содир бўлмайди. Бинобарин, бу ерда намойиш этилаётган муқаддас осори-атиқалар ва илмий ғояларнинг ёнма-ён қўйилиши ўринли ва илоҳиёт, фалсафа ва табиатшунослик асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган ислом цивилизацияси руҳини тўғри ифодалайди.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида Ислом цивилизацияси марказини бағрикенглик сиёсати ва маърифий ислом ғоясини ўрганиш контекстида тилга олди.

— Ортга қарамасдан олдинга қараш керак, дейишади. Аммо чуқур маданий илдизларга ва цивилизация хотирасига эга халқлар ривожланишнинг узоқ муддатли динамикасини кўра олади ва шунинг учун янада мустаҳкамроқ ҳаракат қилади. Президент айнан шундай деди: тарих ва маданият бизни муваффақиятли ва барқарор ривожлантириш имконини берувчи базис, пойдевордир. Бу ушбу заллар ва турли Ренессанс даврлари мисолларида муҳокама қилаётган модернизация жараёнларининг давом этишини кафолатлайди.

Ҳар қандай тараққиёт сакраш ва чегараларда — бир даражадан бошқасига ўтади. Бугун Ўзбекистон танлаётган йўл – модернизация, қурилиш ва бунёдкорлик йўли мустаҳкамланиб, ҳаётга татбиқ этилади. Тарих ва замонавийлик ўртасидаги боғлиқлик бизга ишонч бағишлайди: ўтмишга таяниб, биз ривожланиш стратегиясини янада ишончли қуришимиз ва амалга оширишимиз мумкин. Ҳар бир мамлакатда бундай стратегиялар бўлиши керак, аммо, афсуски, ҳамма ҳам уларга эга эмас ва стратегиларнинг барчаси тараққиётга йўналтирилган эмас.

Ўзбекистоннинг омади бор экан: унинг президенти келажакка юзланган, халқ манфаати учун тараққиётга интилмоқда.

Сизларни Тошкент шаҳрининг марказидаги қадимий Шошдаги ушбу ажойиб обида билан табриклайман. Бу ерда бир пайтлар таниқли Тошкент Шарқшунослик институти ва бошқа кўплаб машҳур илмий муассасалар фаолият кўрсатган. Эндиликда янги билимларни илгари сурадиган, меросларни бир жойда тжамлайдиган, уни авайлаб-асраб, ўрганадиган Марказ ташкил этилмоқда. Меросларни асраш ва тадқиқот қилиш энг муҳим нарсадир.

«Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.