«Каспий қувурлари консорциуми» АЖнинг Новороссийскдаги офиси шаҳар марказига дронлар ёрдамида уюштирилган йирик ҳужум натижасида зарар кўрди, деб хабар қилади КҚК матбуот хизмати.
«Компаниянинг икки ходими турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, тиббий муассасага етказилди. Маъмурий идорадаги ишлар вақтинча тўхтатилди, ходимлар эвакуация қилинди», — дейилади хабарда.
Консорциумнинг қўшимча қилишича, КҚК офиси жойлашган бинога қилинган ҳужум компанияга тегишли бўлмаган ходимларнинг жиддий жароҳатланишига олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев Украина учувчисиз учоқлари Новороссийск марказига зарба бергани, натижада икки киши ҳалок бўлгани, уч киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. «Бешта турар-жой биноси, жумладан, кўп қаватли уйлар, меҳмонхона биноси зарар кўрди», — деб ёзганди Кондратьев ўзининг Телеграм-каналида.
Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нефть қувурлари тизими Каспий минтақасидан нефтни жаҳон бозорларига ташишнинг энг йирик йўналиши ҳисобланади. Узунлиги 1500 километр бўлган қувур Ғарбий Қозоғистондаги конларни (Тенгиз, Қорачиғаноқ ва Кашаган) Россиянинг Қора денгиз соҳиллари билан боғлайди, у ерда нефт КҚК денгиз терминали орқали танкерларга юкланади.
Тизим Қозоғистон нефтининг асосий экспорт йўналиши бўлиб, Қозоғистондан нефть қувури орқали юбориладиган ҳажмнинг 80% дан ортиғини ташкил этади.
Жорий йил бошидан буён Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) объектлари уч марта дронлар ҳужумига учради. 17 февраль куни портловчи моддалар ортилган дронлар Кропоткинская нефть насос станциясига зарар етказган. 19 март куни компаниянинг денгиз терминалида хом нефтни ташиш ва юклаш билан шуғулланувчи «Кавказская» нефть жўнатувчи станциясига бир нечта дронлар ҳужум қилганди. 24 март куни учувчисиз учиш аппаратлари «Кропоткинская» НҲС ҳудудида яна уриб туширилганди.