Мирзиёев Марказий Осиё ҳақида: «Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди»

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиёда (МО) ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низолар, можаролар даври ўтмишда қолиб кетганини таъкидлади. Давлат раҳбарининг нутқи унинг сайтида эълон қилинди.

Давлат раҳбари бундан саккиз йил аввал мана шу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантириш бўйича қатъий қарор қилинганини эслатиб ўтди.

«Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик», — деди Мирзиёев.

У сўнгги йилларда минтақада ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайгани, қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилгани, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётганини таъкидлади. Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланди.

Ўзбекистон президенти бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланганини, минтақа ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Мазкур омилни ҳисобга олган ҳолда давлат раҳбари БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда «яшил» технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, «яшил» макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишни таклиф қилди.

Айниқса, Афғонистондаги беқарорликни ҳисобга олинса, хавфсизлик долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон президенти халқаро ҳамжамиятни афғон халқининг тинч ва хавфсиз ҳаётга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга чақириб, мамлакат яккаланиб қолмаслиги муҳимлигини таъкидлади. Мирзиёев қўшни давлат ҳудуди орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди.

Ушбу мавзуни давом эттирар экан, Президент Глобал аксилтеррор стратегиясининг Марказий Осиёдаги самарадорлигини таъкидлади. Шунингдек, у БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантиришни таклиф қилди. Мирзиёев Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди.

Президент иқлим ўзгариши муаммосига алоҳида тўхталиб, Орол денгизининг қуриши салбий оқибатларини таъкидлади. Унга кўра, ҳудудда экотизимни тиклаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилиш режалаштирилган.

Сув ресурсларининг тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, Президент Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилиш мўлжалланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ