Ўзбекистонда аукцион орқали «чиройли» авторақамларни сотиш бекор қилинади

asiaplustj.info сайти фотосурати

Жорий йилнинг 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси (ЎзРТХБ) орқали «чиройли» автомобил рақамларини сотиш бекор қилинади. Ким ошди савдолари билан «Ўзавтомотобелги» компанияси бевосита шуғулланади. Бундай норма 4 сентябрдаги мамлакат ҳукумати фармонида қайд этилган, дея хабар беради Spot.uz.

Ҳужжатга кўра, электрон ким ошди савдоси орқали сотилмаган рақамлар тоифага қараб хоҳловчилар ўртасида тақсимланади.

Шу билан бирга, «Ўзавтомотобелги» биринчидан учинчи тоифадаги «чиройли» рақамларни мустақил равишда сотиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қолган комбинациялар умумий навбат тартибида берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб ЎзРТХБ тизимида ҳар қандай рақамлар белгисини сотиш бўйича аукционлар, шунингдек, юқори ставкадаги «чиройли» рақамларни бериш тартиби бекор қилинади. Ҳарфлар ва рақамлар комбинацияси бўйича буюртмалар фуқаролар ва ташкилотларга электрон мурожаат асосида берилади.

Онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган авторақамларни қуйидаги тизимлар орқали танлаш мумкин бўлади:

- ҳудудлардаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида жойлашган инфокиосклар;

- ЙҲХХ мобил иловаси ва расмий веб-сайти;

- Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Аниқланишича, маълумотлар базасига илгари берилмаган ёки муомалада бўлмаган ҳарф ва рақамларнинг комбинацияси ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади. Бундан ташқари, минтақаларнинг янги кодлари, хусусан Тошкент шаҳрига 02 ва Тошкент вилоятида 11 коди фақат амалдаги коднинг камида 90% белгилар уйғунлиги тугагандан сўнг киритилади.

Республика Ички ишлар вазирлигига ЙҲХХнинг рўйхатдан ўтказиш бўлимларини буюртма асосида рақамларни ишлаб чиқариш учун жиҳоз ва материаллар билан таъминлаш вазифаси юклатилган. Шу билан бирга, ушбу ташкилот «чиройли» рақамларни сотиш бўйича электрон аукционининг янги тизимини яратади.

Ҳукумат қарорида таъкидланишича, жисмоний шахслар ва компаниялар автомобиллари учун буюртма белгилари 30 дақиқада берилади. Чет эл фуқаролари ва автотранспорт эгаларининг автомобиллари учун процедура 14 иш кунигача давом этади.

Аввал хабар қилинганидек, келгуси йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган «ноёб» давлат рақами белгиларини расмийлаштиришга рухсат берилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ