Афғонистон ҳудудидан Термизни ўққа тутишда иштирок этган шахс 16 йилга озодликдан маҳрум этилди

daryo.uz сайти фотосурати

2022 йил июль ойида Афғонистондан Термиз шаҳрини артиллерия снарядлари билан ўққа тутишда иштирок этган асли ўзбекистонлик Обид Сапаров ўз ватанида 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Террорчи республика Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилди, деб ёзади Kun.uz суд материалларига таяниб.

Жумладан, ҳукмда қуйидаги моддалар қайд этилган:

✅ Жиноят кодексининг 155-моддаси («Терроризм»);

✅ Жиноят кодексининг 155-2-моддаси («Террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун тайёргарликдан ўтиш»);

✅ Жиноят кодексининг 159-моддаси («Конституциявий тузумга тажовуз қилиш»);

✅ Жиноят кодексининг 161-моддаси («Қўпорувчилик»);

✅ Жиноят кодексининг 244-1-моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш,тарқатиш ёки намойиш этиш»)

✅ Жиноят кодексининг 244-2-моддаси («Тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш»).

Суд жараёнида айбланувчи тавба қилиб, суддан енгиллик сўраган. Натижада, ҳукмлар қўшилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тергов материалларига кўра, 1978 йили туғилган Обид Сапаров 2013 йили пул ишлаш мақсадида Ўзбекистондан Уфага кетган. Россияда қурилиш объектларида ишлаб юрган чоғида «Мужоҳидлар»* диний-экстремистик ташкилотининг маҳаллий ячейкаси етакчиларидан бирининг таъсирига тушиб қолган. Бу жамоа «Туркистон ислом ҳаракати»* ғояларини илгари сурган, жумладан, унинг раҳбари Тохир Йўлдошевнинг «жиҳод» ҳақидаги даъватларини тарқатган.

Кўп ўтмай мигрант янги шериклари билан РФни тарк этиб, Эронга, сўнгра Покистонга кўчиб ўтади ва у ерда «Туркистон ислом ҳаракати» сафига қўшилади. Сапаров «Хаббоб» таҳаллусини олади ва ҳарбий тайёргарликдан ўтади, қурол ва портловчи қурилмалар билан ишлашни ўрганади.

2016 йил бошида «Туркистон ислом ҳаракати» турли гуруҳларга бўлиниб, ўз фаолиятини тўхтатгач, Обид Сапаров Афғонистондаги «Ислом давлати» халқаро террорчи ташкилотининг «Ислом давлати Хуросон вилояти» тармоғига қўшилган. Айбланувчи одамларни ёллаш ва ташвиқот ишлари билан шуғулланган. Шунингдек, у экстремистик ячейканинг ахборот каналларида Ўзбекистонда ҳукуматни ағдариш чақириқлари билан бир неча бор чиқиш қилган.

Судланувчи Афғонистоннинг турли шаҳарларида ҳарбий амалиётларда қатнашган ва бир неча терактларда иштирок этган. «ИШИД»* амирлари топшириғига кўра, Обид Сапаров ва бошқалар томонидан Кобул шаҳрида ҳинд-сикхийлар ибодатхонаси, Россия элчихонаси ва шаҳарнинг бир неча марказий кўчаларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган. Сапаровнинг сўзларига кўра, бунда ўзбекистонлик ва тожикистонлик худкуш жангчилар иштирок этишган. Терактлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган.

2022 йил июль ойида Сапаров ўзи сақлаган снарядларни «Ториқ» лақабли террорчига топширган. Кейинроқ унга снарядлар қўлбола РСЗО (ялпи зарба реактив тизими) қурилмасидан Термизга отилгани айтилган. Уларнинг ҳеч бири портламагани сабабли қурбонлар бўлмаган.

Кўп ўтмай «Толибон»* жангарилари Ўзбекистон шаҳрига ҳужум уюштирганларни қўлга олган. Аммо Сапаров Покистонга қочишга муваффақ бўлади. У ерда маҳаллий полиция уни 2024 йил сентябрь ойида қўлга олган.

Шу йилнинг январь ойида экстремистик гуруҳ аъзоси бошқа ўзбекистонликлар қатори махсус рейсда ватанига олиб келинган. Энди Сапаров узоқ муддатли жазони колонияда ўтайди.

ℹ️ 2022 йил 5 июль куни Афғонистон ҳудудидан отилган бешта реактив снаряд Термиз шаҳрининг «Мажнунтол» маҳалласига қулаган. Оқибатда тўртта хусусий хонадонга бироз зарар етган. Кейинчалик маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳудуди Suzuki микровэнига жойлаштирилган қўлбола ракетадан ўққа тутилган. Шу билан бирга, толиблар бу провокациядан мақсад Кобул ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни издан чиқариш эканини таъкидлашган.

«Толибон» ҳужумга алоқадор жангариларни қидириб топгани, жиноий гуруҳнинг уч аъзоси қўлга олиш вақтида ўлдирилгани, беш нафари қўлга олинганини таъкидлаган. Афғонистон расмийларига кўра, бу террорчилар Тожикистон чегара ҳудудларини ўққа тутишда ҳам қатнашган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ