Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик «кимгадир ёқиши ёки ёқмаслигидан» қатъий назар давом этишини таъкидлади. Сиёсатчининг Ishonch.uz сайтига берган интервьюсидан «Газета.uz» нашри иқтибослар келтиради.
«Биринчи марта тарихда ҳамма Марказий Осиё давлатлари бир, ягона субъект бўлиб ўзларининг янги мавқеини намойиш қиляпти. Бу мавқени халқаро жамият тан оляпти ва мана шу асосда янги форматлар пайда бўляпти. Бугунги кунда «Марказий Осиё+» форматларининг сони ўндан ошди», — деди Камилов.
Мирзиёевнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили сўзларига кўра, Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлган ва бу якуний декларацияда қайд этилган.
Экспертнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё давлатларининг сиёсати — жуда прагматик сиёсат.
«Cолиштириб кўринг: Марказий Осиёда 5 та давлат бор, Европа Иттифоқида — 28 та. Европа Иттифоқининг бюджети тахминан 19 триллион [доллар]. Албатта, бизнинг прагматик манфаатимиз бор ва булар билан қандайдир шартлар бўладими, бўлмайдими, кимгадир ёқадими, ёқмайдими, биз, албатта, мана шу ҳамкорликда давом этамиз», — дея хулоса қилди Комилов.
Унинг қўшимча қилишича, кўплаб таниқли сиёсатчилар Марказий Осиёнинг бошқаларга ўрнак бўла олиши, қўшни давлатлар яхши қўшничилик ва дўстлик тамойиллари асосида яшашига мисол бўлишини таъкидлаганлар.
ℹ️ Жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтди. Унда Европа кенгаши президенти Антонио Кошта, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Тадбирнинг шиори «Келажакга сармоя киритиш» бўлди.
Тадбир якунлари бўйича 20 банддан иборат Қўшма декларация тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шериклик ниятлари ўз ифодасини топган, шунингдек, бир қатор аниқ ташаббус ва лойиҳалар белгилаб берилган.
ℹ️ Апрель ойи охирида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи чоғида Европа Иттифоқи Марказий Осиёда «ўз кун тартибини Россияга қарши очиқчасига ёндошув билан» илгари суришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Унинг аниқлик киритишича, Россия иттифоқчилар ва стратегик ҳамкорларнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмас. Аммо уларнинг баъзилари, биринчи навбатда, Ғарб давлатлари ўзаро фойдали лойиҳалардан кўра, ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, минтақа мамлакатларидаги давлат тузилмаларига, жумладан, чегаралар бўйича ўзаро ҳамкорлик, статистика, божхона иши каби соҳаларга кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратмоқда.