Қирғизистоннинг «Клооп» нашри ходимлари «оммавий тартибсизликлар» иши бўйича ҳибсга олинди

knews.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари «Клооп» нашри оператори Александр Александров ва ушбу ОАВнинг собиқ ходими Жоомарт Дуулатовни ҳибсга олди. Улар оммавий тартибсизликларга чақиришда гумон қилинмоқда, дейди адвокат Бахит Автандил «Клооп»га.

Адвокатнинг сўзларига кўра, 28 май куни Александров ва Дуулатов 48 соатга ҳибсга олинган, бу вақтда уларга нисбатан эҳтиёт чораси танланиши керак. Шу билан бирга, хавфсизлик кучлари гумонланувчилар билан шахсий суҳбат чоғида адвокатнинг ҳозир бўлишини зарур деб ҳисобламагани учун узоқ вақт давомида ҳимоячига улар билан учрашишга рухсат беришмаган. «Клооп»нинг амалдаги ва собиқ ходимлари МХДҚ вақтинчалик ҳибсхонасига жўнатилган.

Қайд этилишича, 28 май куни юқорида қайд этилган фуқаролардан ташқари яна беш киши, жумладан, «Клооп»нинг икки нафар журналисти Айдай Эркебаева, Зиягул Болот қизи, нашрнинг собиқ ходими Зара Садигалиева, шунингдек, ўша пайтда ОАВ вакиллари билан бирга бўлган икки нафар қиз қўлга олинган.

Автандилнинг таъкидлашича, беш нафари тез орада ҳеч қандай айбловларсиз қўйиб юборилган. Қизлар гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Аммо айрим ҳолларда МХДҚ ходимлари қўлга олинганларни тинтув қилган, телефон ва бошқа жиҳозларни олиб қўйган. Гаджетлар экспертлар томонидан текширилгандан сўнг эгаларига қайтарилиши керак, дея таъкидлайди ҳуқуқшунос. Бундан ташқари, хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари сабаблари номаълум, чунки озод қилинганлар ошкор қилмаслик тўғрисида тилхатни имзолашган.

«Клооп» ҳаммуассиси Ринат Тухватшин таҳририятнинг собиқ ва амалдаги ходимларининг ҳибсга олинишини «одамларни ўғирлаш» деб атайди, зеро уларга тергов ҳаракатлари ҳақида ўз яқинларига хабар беришга ва адвокат чақиришга имкон беришмаган.

«Фақат икки киши ҳибсга олингани ҳақида хабар беришга муваффақ бўлолган. Беш киши ҳақиқатда ғойиб бўлди. Биз уларни дўстлари ва адвокати орқали Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан топдик», — дейди Тухватшин.

У хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини Жиноят-процессуал кодекси ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир, деб ҳисоблашини қўшимча қилади. Шу муносабат билан «Клооп» таҳририяти ОАВ вакилларини ҳибсга олиш асосларини ошкор қилишни талаб қилади, шунингдек, халқаро тузилмалар, жумладан, БМТни содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришга чақиради.

Тухватшин Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга алоҳида мурожаат қилган.

«Журналистлар тақдирига бефарқ эканингизни тушунамиз, лекин шуни таъкидламоқчимиз: МХДҚ ходимлари ўз хатти-ҳаракатлари билан Қирғизистонда ҳеч бўлмаганда адолатли суд жараёни бор, деган тасаввурни бутунлай йўққа чиқаришмоқда. Ҳар бир маҳбуснинг энг асосий ҳуқуқи — адвокатга бўлган ҳуқуқидир. Сиз Қирғизистонда бундай ҳуқуққа оёқлар артилишини кўрсатиб қўйдингиз. Бунинг учун уятиш керак», — дейди «Клооп» ҳаммуассиси.

29 май куни Президент Администрацияси матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков вазиятга изоҳ берди. У ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида ҳибсга олинган ОАВ ходимлари 2022 йили суд қарори билан Қирғизистондан чиқариб юборилган терговчи журналист Болот Темиров билан ишлашганини ёзган. Ўрунбековнинг сўзларига кўра, Темиров уларни Ғарб грантлари ҳисобидан молиялаб, ёлғон суриштирув ўтказишга ва махсус буюртма асосида ишлашга мажбурлаган. «Клооп» билан алоқадор журналистларнинг ҳар бири ойига 500-800 доллардан маош олган. Президент матбуот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳибсга олинганлар Темировнинг давлатга қарши қаратилган «ноқонуний буйруғини» бажарганликларини тан олишган, аммо ҳозирда хорижда бўлган журналист билан ҳамкорликни тўхтатишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ