Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси паспортига хорижга учишидан олдин шикаст етказилган

Шарифа Мадраҳимова ва шикастланган паспорт. Турли видеодан кадрлар

Номаълум шахслар хорижга учиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Шарифа Мадраҳимованинг паспортига шикаст етказган. Бу ҳақда Мадраҳимова Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида ёзган.

Бу йил ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Front Line Defenders халқаро мукофотининг бешта лауреатидан бири бўлган. Тақдирлаш маросими Ирландияда бўлиб ўтган. Мадраҳимова DHL орқали виза стикерини олиш учун паспортини Дублинга юборганини айтади. Ҳужжат қайтиб келганидан сўнг, унинг орқа томони куйиб кетганини аниқланган. Журналистнинг фикрича, бу унинг сафарига тўсқинлик қилиш учун атайлаб қилинган.

«Паспорт ўз ўзидан шундай ҳолатга келмайди. Бу атайлаб қилинган иш. Лекин ким, нима учун бу ишни қилганлиги жумбоқ», — дейди Мадраҳимова.

Паспорт тоза ва очилмагандек кўринган конвертда юборилган, бироқ унинг ичида шикастланган ҳужжат солинган қўшимча конверт бўлган. Мадраҳимова шикастланган ҳужжатни видеога олган ва уни Front Line Defendersга юборган, улар паспортни тоза ва куймаган ҳолда юборганларини тасдиқлаганлар ва DHLни конвертда шундай ҳужжат борлиги ҳақида огоҳлантирганлар.

Журналист янги паспорт олмоқчи бўлган, бироқ у тезда бу ниятини амалга оширолмаган. Якунда тақдирлаш маросимида берлинлик ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова Мажраҳимова номидан иштирок этган ва уни тақдим этган. Мадраҳимова Ўзбекистонни халқаро миқёсда шахсан тақдим эта олмаганидан ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида гапира олмаганидан афсусда эканини ёзади.

ℹ️ Шарифа Мадраҳимова — Фарғона вилоятидан туғилган, Тошкентдаги Миллий университетнинг журналистика факультетида таҳсил олган. 1999-2020 йиллари «Маърифат» газетасида ишлаган, сўнгра вилоят газетасига мухбир бўлган, 2023 йили мажбурий пулли обунага эътироз билдирганидан сўнг ишдан бўшатилган. Мадраҳимова оммавий журналистика ва ҳуқуқ ҳимояси масалаларини ёритиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади. Мажбурий меҳнат, ногиронлар ҳуқуқларининг бузилиши, мансабдор шахсларнинг суиистеъмолларига оид масалаларни ёритади. Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшиланганига қарамай, журналист босим ва таҳдидларга дуч келмоқда.

ℹ️ Front Line Defenders 2001 йили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишга оид тинч меҳнати туфайли хавф остида қолган фаолларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2005 йилдан буён ташкилот хавфли шароитларда ишлаётган ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига дунё эътиборини қаратиш мақсадида мукофот беришга қарор қилган. Лауреатлар рақамли ва жисмоний хавфсизлик, адвокатлик, шаффофлик, фаровонлик ва бошқа масалалар бўйича Front Line Defenders жамоаларидан камтарона пул мукофоти ва ёрдам олади. Марғилонлик Аҳмаджон Мадмаров 2006 йили

Front Line Defenders мукофотига сазовор бўлган биринчи ўзбекистонлик фаол ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ