Le Figaro ва Euronews Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифига бағишланган материалларни тақдим этди

Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Европанинг машҳур Le Figaro ва Euronews нашрлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашуви ҳақида ижобий руҳда фикр билдирди.

Euronewsнинг ёзишича, Мирзиёев ва Макрон савдо-иқтисодий соҳага алоҳида эътибор қаратган ҳолда муносабатларни мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганмоқда.

«Тошкент Москва билан анъанавий яқин алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, президент Мирзиёев даврида ислоҳотлар ва Ғарб билан яқинроқ муносабатлар сари қадам ташлади», — дейилади мақолада.

Le Figaro Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти давридаги иқтисодиёт, демократлаштириш жараёни ва ташқи сиёсатдаги ютуқларини санаб ўтади.

«Ўзбекистон фуқароларнинг фаол иштирокида трансформация жараёнини давом эттирмоқда. Самарали, демократик ва ишончга асосланган бошқарув тизими яратилмоқда. Мамлакат минтақада демократлаштириш ва тараққиётга намуна бўла оладиган салоҳиятга эга», — деб ёзади нашр.

Шавкат Мирзиёев 11 март куни давлат ташрифи билан Парижга келди. Эммануэль Макрон билан музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик тўғрисида Қўшма декларация қабул қилинди.

Ташриф чоғида Макрон Мирзиёевга Франциянинг олий мукофоти – Фахрий легион унвонини топширди. Шу тариқа Ўзбекистон Президентининг икки давлат халқлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига урғу берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ