Қозоғистонда Остона станциясида контейнер портлаши юзасидан жиноий иш очилди. Бу ҳақда КазТАГ республика полиция бошқармасига таяниб хабар беради.
Тергов темир йўл транспортидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш моддаси бўйича олиб борилмоқда. Департамент раҳбарияти зудлик билан воқеа жойига етиб келган. Воқеа ҳолатларини ўрганиш бўйича тезкор-тергов гуруҳи тузилган.
Ҳодиса 14 февраль куни маҳаллий вақт билан 00:25 да содир бўлган. Полиция маълумотларига кўра, Остона вокзалининг 12-йўлагида поездда келган контейнер портлаб кетган. Портлаш шунчалик кучли бўлганки, деб ёзади Kursiv.kz, натижада станцияга яқин уйларнинг дераза ойналари синиб кетган. Оқибатда бир киши жароҳат олган, унга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, контейнерда электр жиҳозларига (трансформаторлар, генераторлар) оид юк бўлган. Контейнер хусусий компанияга тегишли бўлган. Ваколатли органлар иштирокида суриштирув ишлари бошланди», — дейилади Қозоғистон темир йўллари хабарида.
Айни пайтда Телеграм каналларида воқеа жойидан видео пайдо бўлган, унда портлаш оқибатида контейнердан деярли ҳеч нарса қолмагани кўзга ташланади.