Қирғизистон президенти Тожикистон билан чегарадаги «бегона» уйлар тақдири ҳақида маълумот берди

aa.com.tr сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида қирғиз-тожик чегарасини тартибга солиш жараёни ва эгалари учун эндиликда бегона давлат ҳудудида қолиб кетган уйлар тақдири ҳақида маълумот берди.

Жапаров чегара муаммоси амалда ҳал этилгани, ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича икки томонлама ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ушбу тартиб-қоидалар тугаллангач, келишув ҳукуматлараро комиссиялар, сўнгра Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланади, шундан сўнг у икки давлат парламентлари томонидан ратификация қилинади.

«Кейинчалик, бизикки давлат президентлари ҳужжатни имзолаймиз. Сўнг ноталар алмашинуви бўлади. Ва шундан кейингина, яна бир-икки йил давомида демаркация ишлари олиб борилади. Фақат шундан кейингина жараён тўлиқ якунланади», — дея тушунтирди Жапаров.

Президент қарийб минг километр узунликдаги чегарада баҳсли ҳудудлар мавжудлигини, бу масалани ҳал этишда ҳар икки давлат манфаатлари ҳисобга олинганини таъкидлади.

Жумладан, Жапаров чегарадош қишлоқларни тилга олди, уларда уйлар аралаш тартибда жойлашган – қирғизларнинг уйлари тожикларнинг уйлари билан аралашиб кетган.

«Агар биз томонда Тожикистон фуқароларига тегишли уйлар қолган бўлса, тожик томони уларни кўчиради. Агар одамларимиз уйлари уларнинг томонида қолиб кетса, биз фуқароларимизни кўчирамиз. Уларнинг ер майдонини ҳисобга олган ҳолда улар учун бошқа жойда уйлар қурамиз», — деди Қирғизистон президенти.

Жапаров ҳар бир метр ер ҳисобга олинган ҳолда масалалар ҳал этилганини таъкидлади. Демаркация ишлари бошланиши ҳақида расмийлар кейинроқ тўлиқ маълумот берадилар.

ℹ️ Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 976 км бўлиб, яқин вақтгача унинг атиги 664 км делимитация ва демаркация қилинган. Баҳсли ҳудудларда икки давлатнинг чегарадош вилоятлари аҳолиси ўртасида сув, қуруқлик ва йўллардан фойдаланиш билан боғлиқ низолар мунтазам равишда юзага келади. Энг йирик можаролардан бири 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган, ўшандаги тўқнашувларда 100 га яқин киши ҳалок бўлган, 150 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Тўқнашувлар оқибатида юзлаб уйлар ва инфратузилмага зарар етказилган, кўплаб одамлар бошпана ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлишган.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблаб, кейин умумий чегарани делимитация қилиш жараёнини фаоллаштирди. 2024 йил декабрида тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича делегациялар ҳамраислари – икки давлат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари Саймўмин Ятимов (Тожикистон) ва Қамчибек Ташиев (Қирғизистон) баҳсли ҳудудларнинг қолган қисмлари тавсифи тўлиқ якунлангани ҳақида хабар беришди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ