Олмаота тергов изоляторида бир йил ўтирган қорақалпоғистонлик фаол Польшадан бошпана топди

Қўшқарбай Тўремуратов. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Олмаотадаги тергов изоляторида бир йилга яқин ўтирган қорақалпоғистонлик фаол Қўшқарбай Тўремуратов Польшадан бошпана топди. У бу ҳақда 20 январь куни хабарнома олди, деб хабар беради ТХИҲФ (Туркман Хельсинки Инсон ҳуқуқлари фонди).

Тўремуратов Қозоғистонда истиқомат қилган ва 2022 йил кузида Ўзбекистон илтимосига кўра ҳибсга олинган ва деярли бир йил тергов изоляторида ўтирган беш этник қорақалпоқдан бири бўлган. Улардан тўрт нафари – Жангелди Жаксимбетов, Тлеубике Юлдашева, Раиса Худайбергенова ва Зиуар Мирманбетова озодликка чиққач, АҚШдан бошпана топган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревга кўра, Тўремуратов 2006 йилдан бери Қозоғистонда яшаб, Олмаотада қорақалпоқ диаспорасини ташкил этишга ёрдам берган. У 2014-2018 йиллари Ўзбекистонда жазо муддатини ўтагандан сўнг Қозоғистонга қайтиб, жамоатчилик фаолиятини давом эттирган.

Олмаота тергов изоляторидан озод этилганидан сўнг Тўремуратов Европага кетган ва у ерда бошпана сўраб мурожаат қилган. 2023 йил сентябрида Нукус суди уни YouTubeда Ўзбекистонда экстремистик деб тан олинган «Алга Каракалпакстан» ҳаракати тарафдорлари намойиши ҳақидаги видеоси учун сиртдан 5 йилу 1 ойга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилган.

ℹ️ 2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетидан маҳрум қиладиган ўзгартиришларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Бу ишда 171 нафар айбланувчи сифатида иштирок этган. Айбланувчиларнинг баъзилари 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, бошқалари озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Ўзбекистондан ташқарида яшовчи бир қанча фаоллар, жумладан «Олмаота бешлиги» ҳам тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган. Унинг Қозоғистондан бошпана сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ