ОАВ: 2027 йилда Ўзбекистонда шакар импортига квота жорий этилади

kubanmakler.ru сайти фотосурати

2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна миқдорида квота жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг ёпиқ қарорига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Ҳужжатга кўра, чеклов озиқ-овқат саноати корхоналарига тааллуқли бўлади. Квотанинг умумий ҳажми учта йўналиш бўйича тақсимланади. Ичимликлар ишлаб чиқарувчилар, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар бирига 100 минг тоннадан квота ажратилади.

Квоталар ҳар олти ойда бир марта қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда ички истеъмол ҳажми, ишлаб чиқариш қувватларининг юкланиш даражаси ва бозордаги нархлар ҳисобга олинади. Квота ҳажмлари бўйича таклифларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Миллий статистика қўмитаси билан биргаликда тайёрлайди.

Импортчилар ўртасида квоталарни электрон онлайн-аукционлар орқали тақсимлаш режалаштирилган. Платформа 2026 йил 1 декабрга қадар ишга туширилиши ва божхона тизимидаги «Ягона дарча» платформаси билан интеграция қилиниши керак. Савдолар натижалари очиқ эълон қилиниши ваъда қилинмоқда.

Шу билан бирга, давлат харидларида маҳаллий шакар заводларига устуворлик берилади. 2027 йил бошидан давлат ташкилотлари оқ шакарга бўлган эҳтиёжини асосан маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қондириши керак. Маҳаллий заводлар ишлаб чиқарган барча маҳсулот товар-хомашё биржаси орқали сотилади, тайёр шакар экспортига эса қўшимча чекловларсиз рухсат берилади.

Соҳани қўллаб-қувватлаш учун ҳукумат молиявий ва солиқ чораларини ҳам назарда тутган. Маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларнинг «Ўзсаноатқурилишбанк» олдидаги кредитларини қайтариш муддати беш йилгача узайтирилади, тўловларни эса икки йилгача кечиктириш мумкин бўлади.

2026 йил охирига қадар корхоналар 50 миллион долларлик хусусий инвестицияларни жалб қилиши керак. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Солиқ кодексига ўзгартиришлар тайёрлаш топширилган. Улар шакар заводларини фойда солиғидан озод қилиш ва мол-мулк солиғини 2031 йилгача 50 фоизга камайтиришни назарда тутади. Тежалган маблағлардан фақат кредитларни қайтариш учун фойдаланишга рухсат берилади.

Квота ички шакар ишлаб чиқариш ҳажми қисқараётган бир пайтда жорий этилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистонда 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. 2023 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 332,6 минг тоннани ташкил этган.

Шу билан бирга, Россия 2025 йилда Ўзбекистонга 417 минг тонна шакар етказиб берган. Бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлади. Импортнинг ўсишига 2025 йил 1 октябрдан оқ шакарга нисбатан 20 фоизлик акциз солиғининг бекор қилиниши ҳам туртки бўлган. Ўзбекистоннинг шакарга йиллик эҳтиёжи 650–700 минг тонна деб баҳоланади.

Жорий йил февраль ойида Мисрнинг Nile Sugar компанияси Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва уни қайта ишлаш корхонасини қуриш лойиҳасига 450 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Корхона ишга туширилгандан сўнг йилига 200 минг тоннагача шакар ишлаб чиқариши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ