16 ёшли қозоғистонлик футболчи рекорд сумма эвазига «Челси»га ўтади

Дастан Сатпаев. vesti.kz сайти фотосурати

16 ёшли «Қайрат»да тажриба оттираётган Дастан Сатпаев Қозоғистон чемпионати учун рекорд сумма – 4,3 миллион евро эвазига Англиянинг «Челси» клубига ўтади. Бу ҳақда инсайдер Иван Карпов хабар берди.

Инсайдернинг сўзларига кўра, 2,4 миллион евро — бу қатъий тўлов, қолгани «Қайрат»да ҳам, «Челси»да ёки уни ижарага олиш мумкин бўлган бошқа клубдаги ўйинлари учун бонуслар ҳисобланади. Беш йиллик шартнома Дастан 18 ёшга тўлган 2026 йилнинг августида кучга киради. «Фарғона» хабарига кўра, футболчи кейинги икки йилни «Қайрат»да ўтказади.

4,3 миллион евролик трансфер Қозоғистон чемпионати учун рекорд сумма ҳисобланади. Аввалроқ Қозоғистон клуби хорижга сотган энг қиммат футболчи ганалик Патрик Твуваси бўлиб, у «Астана»дан Испаниянинг «Алавес» клубига 3 миллион евро эвазига ўтган эди. Қозоғистонликлар орасида рекорд 2 миллион евро эвазига «Қайрат»дан «Зенит»га ўтган Нурали Алипга тегишли эди.

Қозоғистонлик футболчилар орасида энг қиммат трансфер Бахтиёр Зайнутдиновга тегишли бўлиб, у ЦСКАдан «Бешиктош»га 4,5 миллион еврога ўтган.

Дастан Сатпаев «Қайрат» тарбияланувчиси. У 15 ёшида «Қайрат»нинг асосий жамоаси сафида Лига кубоги баҳсида дебют қилган. У Қозоғистон U-17 терма жамоаси сардори сифасида 10та ўйин ўтказиб, 4та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ