«Астана» футбол клуби УEФА конференция лигасидаги иштирокини якунлади

АПОЭЛ-"Астана" учрашувидан лавҳа. sport-pulse.kz сайти фотосурати

УEФА конференция лигасининг сўнгги турида «Астана» футбол клуби меҳмонда Кипрнинг АПОЭЛ клуби билан дуранг ўйнади, бироқ бу турнирнинг плей-офф босқичига йўлланма олиш учун етарли бўлмади.

«Астана» 4 очко билан олтинчи турга яқинлашди. Плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолиш учун Қозоғистон жамоасига АПОЭЛ устидан имкон қадар йирик ҳисобда ғалаба қозониш керак эди. Ўз навбатида, кипрликлар плей-оффда иштирок этишларини кафолатладилар, бироқ улар ғалаба қозонишса, турнирнинг энг яхши 8 жамоаси қаторига киради ва бу уларга автоматик тарзда тўғридан-тўғри 1/8 финалга йўл олиш имконини беради.

Биринчи бўлимда жамоалар жуда эҳтиёткорлик билан ўйнашди, шунинг учун вазият хавфли лаҳзаларга этиб бормади. Учрашувнинг иккинчи бўлими ҳар томонлама кескин курашларга бой бўлди. 56-дақиқада Антониос Донис мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо 8 дақиқадан сўнг «Астана» ҳимоячиси Кипрас Кажуколовас ҳисобни тенглаштирди.

65-дақиқада меҳмонлар ҳужумчиси Макс Эбонг иккинчи сариқ карточка олиб майдондан четлатилди. Аммо орадан беш дақиқа ўтиб, кипрлик Яннис Сациас кетма-кет иккита огоҳлантириш олди. Умумий ҳисобда жамоалар ўзаро 11 та сариқ ва 2 та қизил карточка олишган. Аммо ўйинда бошқа гол киритилмади.

Ҳар икки клуб ҳам ўз олдига қўйилган вазифаларни уддалай олмади. АПОЭЛ 11 очко жамғариб, гуруҳда 11-ўринни эгаллади. Шунинг учун у плей-офф ўйинларида иштирок этади. «Астана» 5 очко билан чекланиб, УEФА конференция лигасидаги иштирокини якунлаб, 28-ўринни эгаллади.

Еврокубокларнинг олдинги босқичларида Чимкентнинг «Ордабаси», Қўстанайнинг «Тобол» ва «Ақтўбе» жамоалари муваффақиятсизликка учраганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди