Футбол бўйича Тожикистон миллий терма жамоаси дарвозабони Рустам Ятимов Афғонистон терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини вақтида рақиблари билан юзага келган можаро учун узр сўради.
19 ноябрь куни Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Афғонистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Ўйинни кўтаринки руҳда бошлаган тожикистонликлар 27-дақиқага келиб 2:0 ҳисобида олдинда боришди. Амирбек Жўрабоев ва Шахром Самиев ўзларини кўрсатишди.
37-дақиқада афғонлар Жамшед Асекзайнинг саъй-ҳаракати билан ҳисобдаги фарқни қисқартиришди ва том маънода бир дақиқа ўтиб Асекзай ва Тожикистон жамоаси дарвозабони Рустам Ятимов ўртасида тўқнашув келиб чиқди.
Афғонистонлик футболчи тўп учун курашда ўзини агрессив тутди. Ятимов бунга чидай олмади ва қўли билан рақибига зарба берди. Яна бир афғонистонлик дарвозабон томон югуриб келди, аммо Ятимов унга ҳам зарба берди. Натижада дарвозабон майдондан четлатилди.
Тожикистон терма жамоаси озчиликда ўйнаганига қарамай, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи бўлимда Рустам Соиров гол урди.
Учрашувнинг эртаси куни расмий Тelegram-каналда Рустам Ятимовнинг узр сўраган пости пайдо бўлди.
«Душанбе шаҳри марказий стадионида бўлган ва ўйинни телевизорда кўрган барчадан ўзимни тутолмай қолганим учун узр сўрайман. Ҳис-туйғуларга берилиб кетдим, мен қилган иш тўғри эмасди. Кийиниш хонасида ўзимнинг хатти-ҳаракатларим учун қўшниларимиз ва терма жамоа мураббийлар штабидан узр сўрадим. Ваъда бераманки, бундай ҳолат бошқа такрорланмайди», — деб ёзган Ятимов.
Эслатиб ўтамиз, дарвозабон дисквалификация туфайли Тожикистон терма жамоасининг навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказиб юборади.
Рустам Ятимов — Нижний Новгороднинг «Волга» клубида тарбия топган. 2017 йили 19 ёшли дарвозабон «Истиқлол»га таклиф қилинган, бироқ фуқароликни олиш кечикиб кетгани учун ўша мавсумда жамоада ўйнай олмаган. У Душанбени тарк этган, лекин янги клуб тополмаган ва якка тартибда ишлаган. 2018 йили унга Тожикистон паспорти берилади ва терма жамоага таклиф қилинади. 2019 йилги мавсумдан бошлаб у доимий равишда «Истиқлол» сафида тўп сурмоқда. 2024 йил ёзида у Россиянинг «Ростов» клуби билан шартнома имзолайди, у ерда асосий дарвозабон сифатида иш бошлайди, кейин Рустам фаолиятида пасайиш бошланади ва у деярли икки ой давомида захира ўриндиғида ўтиради. Ноябрь ойидан бери у яна ўз клубининг асосий дарвозабони.