Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги элчиси Ойбек Усмонов толиблар* ҳукуматининг Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Амирхон Муттақийга (Amir Khan Muttaqi) ишонч ёрлиғини топширди ва шу тариқа ўз вазифасини расман бажаришга киришди. Бу ҳақда Amu.tv Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Учрашувда Муттақий элчини қўшни давлатлар билан ҳамкорлик давом этишига ишонтириб, Ўзбекистонни Афғонистонда йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун самарали чоралар кўришга чақирди.
Усмонов, ўз навбатида, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш йўлида ҳаракат қилишга ваъда берди.
Қайд этилишича, 2021 йили толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг Ўзбекистон қўшнси билан яқин алоқалар ўрнатган. Аммо республика радикал ҳаракат ҳукуматини расман тан олмаган. Ваҳоланки, айни дамда дунёнинг ҳеч бир давлати бундай қадам ташламаган. Халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг янги маъмурияти олдига экстремистик гуруҳлар билан алоқаларни узиш, инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби шартларни қўяди.
Шунга қарамай, Тошкентда «Толибон» ҳаракатининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил август ойида толиблар Ўзбекистонга янги элчи, этник ўзбек Абдул Ғофар Тиравийни (Abdul Ghafar Tirawi) тайинлаган эди.
Агар Кобулдаги бошқа давлатлар элчихоналари ҳақида гап кетадиган бўлса, Хитой толиблар ҳукмронлиги остида биринчи бўлиб ўз ваколатхонасини очди. Бу 2023 йил сентябрь ойида содир бўлди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).