Ноқонуний активларни қайтариш комиссияси Қозоғистон бюджетига яна 525 миллиард тенге (1 миллиард доллардан ортиқ) ни қайтаришни маъқуллади. Бу ҳақда Бош вазир Олжас Бектенов раислигидаги комиссиянинг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради ҳукумат Телеграм-канали.
Пул Молия вазирлиги ҳузуридаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади, сўнгра спорт иншоотлари ва реабилитация маркази қурилишига сарфланади. «(...) Комиссия Қонун субъектлари ҳисобидан қурилишни маъқуллади: Аркалиқ шаҳрида иқтидорли спортчи болалар учун 120 ўринли спорт мажмуаси, Остона шаҳрида таянч-ҳаракат аппарати нуқсони бўлган болаларни реабилитация қилиш маркази, ўқув-машғулот мажмуаси. Алмати шаҳрида 400 та жойда алоҳида эҳтиёжли одамлар учун марказ ташкил этилган», — дейилади хабарда.
Умуман олганда, жорий йил бошидан буён ноқонуний йўл билан четга олиб қўйилган 900 миллиард тенгедан (1,8 миллиард доллар) ортиқ маблағ давлат даромадига қайтарилди. Уларнинг барчаси «қозоғистонликлар манфаати учун ишлаши керак», деб таъкидлади Бектенов.
Ўтган йилнинг 12 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний йўл билан олинган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди.
Ўтган йил баҳорида ҳукумат ноқонуний йўл билан четга чиқарилган активларни давлатга ихтиёрий равишда қайтариш бўйича келишувлар доирасида ғазнага 40 миллиард тенгедан (83 миллион доллар) ортиқ маблағ юборилгани ҳақида хабар берган эди. Бу маблағларни ижтимоий мақсадларга ва баҳорги сел оқибатларини бартараф этишга сарфлашга қарор қилинди.
Ноқонуний даромадларнинг катта қисми ихтиёрий равишда ғазнага қайтарилади. Шу билан бирга, август ойи охирида мамлакатда биринчи «ноаниқ бойлик тўғрисида»ги суд акти ижро этилди, унга кўра судланувчилар 10 миллион доллардан ортиқ маблағни давлатга қайтардилар.