Тожикистон Жанубий Корея билан меҳнат мигрантларини уюшган ҳолда жўнатиш бўйича келишиб олди

Тожикистон Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлиги вакиллари Жанубий Кореядан келган ҳамкасблари билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат Марказий Осиё республикаси фуқароларини чет элга ишлашга рухсат бериш тизими (EPS) орқали юборишни назарда тутади, дея хабар беради Тожикистон вазирлиги ўзининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида.

Меморандум 31 октябрь куни имзоланган. Шу тариқа, 2025 йилдан бошлаб тожикистонликлар Кореяга ишлаш учун бориб, у ерда хорижлик ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мигрантларнинг мазкур давлатда ноқонуний ишлашига қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган Ишга рухсатнома берувчи тизимда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.

Тожикистон расмийлари таъкидлашича, Корея департаменти билан тузилган ушбу келишув ишсизликни камайтириш, янги меҳнат бозорларини топиш ва ноқонуний миграция даражасини пасайтиришга ёрдам беради. Таъкидланишича, Марказий Осиё республикаси EPSга уланган 17-давлатга айланди.

«Томонлар бундай ҳамкорликни ривожлантириш учун тегишли хизматларга қўйиладиган талабларни, шунингдек, тил ва касбий тайёргарлик, амалдаги қонунлар доирасида мамлакатлар ўртасида ёлланма ишчиларни тайёрлаш ва юбориш бўйича талабларни соддалаштириши кутилмоқда.

Кореяда ишга жойлашиш учун асосий талаблардан бири бу корейс тилини билиш ва касбий маҳоратдир. Бу борада махсус курслар ташкил этилган. Шу тариқа, ушбу давлатга пул ишлаш учун боришни истаган фуқаролар «Тожикистонда катталар учун таълим маркази», «Меҳнат мигрантлари учун маслаҳат ва ишга боришдан олдинги ўқиш марказлари», Миграция хизмати бўлимлари, шунингдек Бохтар, Хўжанд, Восе туманлари ёки Роғун ва Данғарада жойлашган касбий малака ошириш марказларига мурожаат қилишлари мумкин.

ℹ️ Расмий маълумотларга кўра, 2023 йили Тожикистондан чет элга ишлаш учун 652 мингдан ортиқ киши чиқиб кетган, бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан 16 фоизга кам. Шу билан бирга, Россияга 627 мингдан ортиқ, Қозоғистонга 18,5 мингга яқин ва бошқа давлатларга 6,5 ​​мингдан ортиқ фуқаро кетган. Ҳисобот даврида республикага 590,7 минг нафар Тожикистон фуқаролари қайтиб келган, бу ўтган йилга нисбатан 7 фоизга кўпдир.