Маҳса Амини ўлимини ёритган эронлик журналистлардан АҚШ билан ҳамкорлик қилганлик айблови олиб ташланди

Элах Муҳаммадий (чапда) ва Нилуфар Хамедий. iranwire.com сайти фотосурати

2023 йили «АҚШ душман ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш»да айбланган журналист аёллар Нилуфар Ҳамедий (Niloufar Hamedi) ва Элах Муҳаммадий(Elaheh Mohammadi)га нисбатан мазкур айбловлар олиб ташланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

«Апелляция суди улардан Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилганлик айбини олиб ташлади», —деди Эрон суд ҳокимияти вакили Асғар Жаҳонгир (Asghar Jahangir) 13 октабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

2023 йил октабрь ойида Ҳамедий ва Муҳаммадий АҚШ расмийлари билан ҳамкорлик қилгани учун мос равишда етти ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бундан ташқари, суд уларни миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда ва ҳукуматга қарши ташвиқотда айбдор деб топиб, ҳар бирини беш йилга озодликдан маҳрум қилганди. Қисқароқ муддат каттасини босиб кетиши сабаб, Ҳамедий ва Муҳаммадий етти ва олти йилни панжара ортида ўтказган бўлар эди. Энди аёл журналистлар учун қамоқ муддати беш йил бўлади.

ℹ️ Журналистлар 2022 йил сентябрида, «ҳижобни нотўғри кийгани» учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг бутун Эрон бўйлаб бошланган норозилик намойишлари бошида ҳибсга олинган эди. Ҳамедийни қамоққа олишга сабаб, у ўз нашрида Маҳса Аминининг ота-онаси қиз комада бўлганида касалхонадан тушган суратини эълон қилган. Муҳаммадий ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин Аминининг ўлими ҳақида батафсил ҳисоботни нашр этгани ва жабрланувчининг дафн маросимидан репортаж олиб боргани учун жавобгарликка тортилганди.

Журналистлар 17 ойни панжара ортида ўтказдилар, шундан сўнг суд ҳукми эълон қилинмагунча гаров эвазига қўйиб юборилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ