Қозоғистон Олий суди мактабларда рўмол ўраш борасида ўз позициясига ойдинлик киритди – тақиқ бекор қилинмаган

egov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Олий суди мактабларда рўмол ўрашни тақиқлаш ҳақидаги резонансли мавзуга изоҳ бериб, ҳуқуқ ҳимоячиси Жаслан Айтмағанбетовнинг бир кун аввал берган баёнотини моҳиятан рад этди.

Кассация суди фақат мактабнинг рўмол ўрагани учун болани дарсга қўймаслик ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топган. Шу билан бирга, ҳеч ким тақиқни бекор қилмаган, дея тушунтирди суд.

Таълим олиш ҳуқуқи Қозоғистон Республикаси фуқароларининг асосий конституциявий ҳуқуқларидан биридир, деб эслатди Олий суд. Шу билан бирга, мутасадди вазирлик ўрта таълим ташкилотлари учун мажбурий мактаб формасига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш ваколатига эга. Вазирнинг тегишли буйруғи ноқонуний деб топилмаган ва бекор қилинмаган.

«Шунингдек, ота-оналар мактаб низоми ва мактаб формасига қўйиладиган талабларга риоя қилишлари учун масъул эканини таъкидлаймиз. Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва ўқитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммаларига олган ва қонун билан белгиланган мажбуриятларини бажармасликлари қонун ҳужжатларида белгиланган, шу жумладан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади», — дея қўшимча қилади суд.

Бир кун аввал Жаслан Айтмаганбетов ижтимоий тармоқларда қизларнинг рўмол ўраши сабабли таълим олиш ҳуқуқи чекланаётганига доир масаласига Олий суд томонидан «чек қўйганини» ҳақида ёзган эди. Ҳуқуқ фаоли Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги мактаблардан бирида қизнинг рўмол ўрагани учун дарсга қўйилмаганига оид ота-оналар тортишуви натижаларига тўхталганди. Айтмаганбетов, шунингдек, рўмол ўраш мактаб формаси бузилаётганини англатмаслиги ва «унинг диний атрибут эмаслиги»ни таъкидлаганди.

Қозоғистонда динга эътиқод қилувчи оилалардаги қизларнинг мактабда рўмолда юришига доир баҳслар кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. Мамлакат раҳбарияти бу борада бир неча бор гапирган. Айни пайтда, электрон ҳукумат портали таъкидлаганидек, мактаб формасига қўйиладиган талаблар қизларнинг ҳижобда бўлишини тақиқлайди, «чунки ҳар қандай атрибут, рамз, элемент у ёки бу тарзда инсон мансуб бўлган эътиқодни тарғиб қилишни назарда тутади. Барча динларнинг қонун олдида тенглигини таъминловчи дунёвийлик тамойили бирор диннинг устун бўлишига йўл қўймайди».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди